ТУЯҚУШ БИЛАН ҚОПЛОН
Сирдарёнинг бўйида, тўқайзорлар
орасида бир Туяқуш ин қуриб яшар экан. Шу тўқайзорда бир Қоплон
ҳам яшар экан.
Кунлардан бир куни Туяқуш
дарахт шохлари тагида ўтлаб, ўзига овқат қидириб юрса, ёнгинасидан
бир нарсанинг инграган овозини эшитиб қолибди. Аста шу овоз келган
томонга юриб борибди. Қараса бир Қоплон томоғига суяк тиқилиб
қолиб, ўша инграётган экан. Туяқуш дарров Қоплонга ёрдам беришга
шошилибди:
- Осмонга қараб оғзингни очиб тур, мен суякни олиб қўяй,
- дебди Туяқуш.
- Қоплон осмонга қараб
оғзини очиб турибди. Туяқуш узун тумшуғини Қоплоннинг оғзига
солиб, тиқилиб турган суякни суғуриб олиб ташлабди. Қоплоннинг
кўзлари равшан бўлиб, ўлимдан қутулибди.
Бир оз жони ором олгандан
кейин Қоплон Туяқушга қараб шундай дебди:
- Сен мард экансан, менга
яхшилик қилдинг, энди кел иккаламиз дўст бўламиз, зарур вақтда
бир-биримизга ёрдамга келамиз, - дебди.
Туяқушга бу гап жуда маъқул
бўлибди. Туяқуш билан Қоплон иккалалари дўст бўлибдилар.
Кўп кунлар ўтибди. Бир куни Туяқуш
дўсти Қоплоннинг ваъадасини текшириб кўрмоқчи бўлибди. Бир тепанинг
устига чиқиб, атрофга қараб баланд овозда:
- Вой дод, ўлаяпман, Қоплон,
мени қутқар! – деяверибди.
Қоплон тўқайнинг
нариги четида бир ҳайвонни ушлайман деб пойлаб ётган экан. Шу пайтда дўсти
Туяқушнинг додлаган овозини эшитиб қолибди. Қоплон овини ҳам
ташлаб, Туяқушга ёрдам беришга шошилибди. Шох-бутоқлар орасидан,
устидаги жунлари юлиниб ҳарсиллаб етиб келибди. Келса Туяқуш тепанинг
устида ўзича ёлғондан додлаб турган экан.
- Дўстим, Туяқущ, сенга
нима бўлди?! - дебди Қоплон. Туяқуш унга қараб:
- Эй дўстим, сени кўрмаганимга
анча вақт бўлди, аҳди-паймонимиз эсингдан чиқиб қолмадимикан
деб, сени синаб кўрмоқчи бўлган эдим, - дебди Туяқуш.
Қоплоннинг кўнгли ранжиб
қолибди. Ахир у тайёр овини ташлаб келди. Шу куни Туяқушни деб болалари
оч қоладиган бўлди.
- Сен Туяқуш мени
синамаёқ қўяқол, - дебди Қоплон. Биз Қоплонлар бир
нарсага аҳд қилсак, шу аҳдимизда маҳкам тургувчилармиз.
Қоплон хайрлашиб
кетибди. Туяқуш эса уялиб қолаверибди.
Орадан бир-икки кун ўтибди. Худди
шу чангалзорда Туяқуш овқатлик излаб юрса, олдидан Бўри чиқиб
қолибди. Бўри бир сакраб Туяқушнинг устига чиқиб, босиб
олибди. Туякуш бечора зўр бериб:
- Войдод! Қоплон, кел,
мени қутқар! Ўлдим! - дебди.
Шу пайтда Қоплон иссиқ
кунда бир бутанинг тагида чўзилиб, дам олиб ётган экан. У Туяқушнинг овозини
эшитибди, бироқ "Туяқуш бу гал ҳам мени синаётган бўлса
керак", - деб, ётган жойидан жилмай ётаверибди.
Бўри бўлса, ўз ишини қилибди:
Туяқушни, "Додлайдиган сен бўлдингми", деб бурда-бурда қилиб
еб ташлабди.
Шунинг учун айтишади-да: "Дўстингни
алдасанг, ўзингни алдаган бўласан", деб.
ҚИЗҒАНЧИҚ ИТ
Бир Ит бор экан, жуда қизғанчиқ
экан.
Бир куни шу Ит шериклари
билан талашиб каттакон суяк олиб қочибди. Сув остидаги якка чўпдан ўтаётса,
сувда бошқа бир Ит оғзида катта суяк тишлаб, кўзларини олайтириб Итга
тикилиб турган эмиш.
Ит:
- Ир-ир-ир ... - деб тишини
иржайтирган экан, сув ичидаги Ит ҳам тишини иржайтирибди.
- Ит унинг оғзидаги
суякни ҳам тортиб олмоқчи бўлибди ва: "Хап!"- деб Итга ташланибди.
"Хап!" дейиши билан оғзидаги суяги, унинг кетидан ўзи ҳам
"чўлп" этиб сувга тушиб кетибди. Ит сувдаги соясини кўриб,
қизғанчиқлик қилган учун суяксиз қолибди. Қизғанчиқ
Ит роса шалаббо бўлибди.
БЎРИ БИЛАН
МЕРГАН
Бор экан, йўқ экан, оч
экан, тўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, қарға қақимчи
экан, чумчуқ чақимчи экан, ғоз карнайчи экан, ўрдак сурнайчи
экан, товуқ қоқ этди, билмадим қаққа кетди.
Бир Мерган бор экан. У Мерган
овга чиқибди. Бўри учраб, уни қувиб кетибди. Бир жойда бир Чол хирмон
совураётган экан, Бўри югуриб келиб, Чолга:
- Ота, бир Мерган мени қувиб
келаётибди, бекитиб қўйинг, - дебди. Чол, "Хўп", деб Бўрини қопга
солиб, устига похол ёпиб беркитиб қўйибди, Мерган Чолнинг олдига келиб:
- Хой Чол, шу ердан Бўри ўтдими?
– дебди. Чол эса:
- Мен ўзим Бўридан қўрқаман,
ҳеч нарса кўрганим йўқ, - дебди.
Мерган Чолнинг гапига ишониб,
кетиб қолибди. Бўри похол тагидан:
- Мени қувиб келаётган Мерган
кетдими?- деб сўрабди. Чол:
- Ха, кетди, - дебди.
- Кетган бўлса мени қўйиб
юборинг, - дебди Бўри. Чол:
- Хўп, - деб Бўрининг устидаги
похолни олиб ташлабди. Бўри похол тагидан чиқиб:
- Чол, чол, сени ейман, -
дебди. Чол қўрққанидан шошиб:
- Мени егунча, молхонада қўш
Қўчқорим бор, уларни егин, - дебди.
Бўри севиниб молхонага
борибди:
Бўри борди Қўчқор
қошига,
Сузиб солди Бўри бошига.
Яна келди Чолнинг қошига.
- Жон Бобо, жоним Бобо, сени
ейман, - дебди у.
- Мени егунча, отхонада қўш
Отим бор, уларни егин, - дебди.
Бўри борди Отнинг
қошига,
Тепиб солди унинг
бошига.
Яна келди Чолнинг
қошига.
- Жон Бобо, жоним Бобо, сени
ейман, - деб такрорлабди Бўри.
Чол яна:
- Мени егунча, отхонада қўш
Эшагим бор, уни егин, - дебди.
Борди Эшак қошига,
У ҳарб
солди бошига.
Келди Чолнинг қошига.
- Жон Бобо, жоним Бобо, - деб
турганида, икковининг олдига Тулки келиб қолибди, Чол бечора йиғлаб:
- Мерган Бўрини қувиб
келаётган эди, Бўри мендан ўзини яшириб қўйишни сўради. Мен уни қопга
тиқиб, похол ёпиб, бекитиб қўйдим. Мерган келиб: "Чол, чол, Бўрини
кўрдингми?" - деб сўради. ''Мен Бўридан қўрқаман, ўтгани йўқ",
- дедим. Мерган ишониб, кетди. Похолни олиб Бўрини қопдан чиқариб қўйсам,
"Сени ейман", деб мени мушкул ҳолда қолдирди, - деган
экан, Тулки:
- Эй Бўри ўртоқ, Чол сени
шундай ўлимдан қутарса-ю, сен шундай қари Чолни ейсанми? - деб
дашном берибди. "Юр бўлмасам" деб, Бўри билан Тулки биргаликда Чолнинг
олдидан: "Хайр, ота", деб жўнаб кетибди. Чол ҳам ўлимдан қутилганига
хурсанд бўлиб қолибди. Бўри билан Тулки бошларига тушган саргузаштларни
айтиб кетаверибдилар. Бир шудгорга келсалар, бир парча қуйруқ ётган
экан. Оч қолган Бўри шошилиб, Тулкига:
- Мен шу ёғни ейман, - дебди.
Тулки:
- Ема! - дебди. Бўри:
- Нега ема дейсан? - деб ғазабланибди.
Тулки:
- Бир балоси бўлмаса,
шудгорда қуйруқ на қилур?, уни емагии, - дебди. Бўри:
- Мен ҳам бир гап айтай,
сен ҳам тушунгин.
Бир одам бозорга
боргандир,
Гўшт-ёғ
олгандир,
Отини миниб лўкиллатиб
чопгандир,
Бир парча ёғи
шу ерда тушиб қолгандир,
ейман, - дебди. Тулки: "Ема!" деб кўп ялинса ҳам Бўри кўнмабди.
Тулки аччиқланиб кетаверибди. Тулки кетганидан кейин Бўри ёғни ейман,
деб Мерган қўйган қопқонга тушиб қолибди. Мерган бир
катта толнинг тагида пойлаб ўтирган экан. Бўрининг қопқонга илинганини
кўриб, вақти чоғ бўлиб, келиб Бўрини ура бошлабди. Калтакнинг
зарбига Бўри чидай олмай, сакраб қопқондан чиқиб, жон-ҳолатда
бир дарёга борибди. Ундан сузиб ўтиб, дарё бўйида уёққа-буёққа
қараб ўтлаб юрган қўзини кўрибди, ҳаллослаб Қўзининг олдига
борибди ва Қўзига қараб:
- Сени ейман, - дебди. Қўзи
бўлса:
- Мени ейишга ейсан, фақат
мени туз конига олиб бориб, тузлаб егин. Ана маза-ю, мана маза, - дебди.
Бўри: "Хўп, сенинг ҳам
гапингга кирай", - деб Қўзини туз конига олиб борибди. Қўзи:
- Сен шу ердан жилмай тур,
мен дарров туз олиб чиқай, ундан кейин туз билан ейсан, - деб конга
кириб, йўлни чаппа солиб, қочиб кетибди. Бўри ҳали чиқар, ҳали
чиқар, деб бир қанча вақт кутибди, Қўзининг эса ҳеч
дараги бўлмабди. "Қўзи мени алдаб кетган экан", деб умидини
узиб, жўнабди. Бир жойга борса, бир От ўтлаб юрибди. Отнинг олдига бориб:
- От, От, сени ейман – дебди.
От бўлса:
- Мени есанг ерсан, фақат
менинг такамга ёзилган васият бор, шуни ўқиб бер, мен эшитай, - дебди.
Бўри Отнинг тақасидаги
хатни ўқийман деб бориши билан От бир тепибда, Бўрининг оғзи қонаб,
думалаб кетибди. Ўрнидан туриб бир жойга бориб, уёққа-буёққа
қараб, нима қилишини билмай турган экан, бир семиз Эшакнинг ўтлаб юрганини
кўриб қолибди. Эшакнинг олдига бориб:
- Эшак, Эшак, мен сени ейман,
- дебди. Эшак айтибди:
- Хўп, мени ейишга ейсан.
Ота-бувамдан қолган йўрға юришим бор, шуни қилиб берай,
армонда кетмайин, - дебди. Бўри: "Хўп бўлмаса" деб Эшакнинг устига
минибди. Эшак Бўрини уёққа лўкиллатиб - буёққа лўкиллатиб
олиб келиб, устидан ирғитиб қочибди. Бўри йиқилганича қолибди.
Қорни оч, бедармон бўлаб ётганида бир Чолнинг ўтин териб юрганини кўрибди.
Жойидан туриб, Чолга томон жўнабди. Чол узоқдан Бўри келаётганини фаҳмлаб
шошиб-пишиб ўтинини арғамчисига боғлабди. Бир дарахт илдизини
ковлаб олгандан қолган чуқур бор экан. Чол дарров шу чуқурнинг
ичига тушиб, ўтинни чуқурнинг оғзига қозон қопқоғидек
ёпиб, бекиниб ётаверибди. Бўри ўтин ёнига келиб қараб туриб, Чолни топа
олмай, ўтиннинг тепасига чиқиб ўтириб:
Кўрдингми Қўзи,
Термулади икки кўзи.
Сенга ким қўйибди
Қўзини
тузлаб ейишни, ув-ув.
Кўрдингки, ўтлаб
юрибди От,
Ота-бобосидан қолган
хат.
Сенга ким қўйибди
унинг
Васиқасини ўқишни,
ув-ув.
Кўрдингки, Эшак,
Ёнига солдинг тўшак.
Сенга ким қўйибди
Йўрғасини кўриб
боқишни, ув-ув –
деб йиғлаб-йиғлаб ўтин устидан тушиб, саҳрога қараб
кетаверибди. Юриб-юриб очлигидан ўлиб қолибди. Чол чуқур ичидан чиқиб,
ўтинини кўтариб, уёқ-буёққа қараб, шошиб, болалари
ёнига қайтиб келибди. Бўлган воқеаларни болаларига айтиб берибди.
Болалари: "Дадам бечора бир ўлимдан қолибди-да", деб Оталарини далага
чиқармай қўйибдилар.
ТУЛКИ БИЛАН
ТОВУС
Эртагиё эргаги, эчкиларнинг бўртаги,
қирғовул қизил экан, қуйруғи узун экан, кўк музга
минган экан, мурути синган экан, ғоз карнайчи экан, ўрдак сурнайчи экан,
ола қарға азончи, қора қарға қозончи, чумчуқ
чақимчи экан, тўрғай тўқувчи экан, бўри бакавул экан, тулки
ясавул экан (эртагимнинг эри бор, етти кунлик ери бор, етти кунлик ерида думи
калта бўри бор).
Кунларнинг бирида Тулки кетаётган
экан, бир Товус думини сетора-сетора қилиб келаверибди. Шунда Тулки айтибдики:
- Эй Товус, ажаб-ажаб ўйинларинг
бор экан, бир яхшилаб ўйнаб бергин. Товус думини сетора-сетора қилиб ўйинга
туша берибди. Тулкининг қорни оч экан, ўйнаб турган пайтида уни ушлаб
олибди. Бир вақт Товус қараса, Тулкининг авзойи бузуқ, уни
емоқчи бўлиб турибди. Товус:
- Эй тулки, нима қиляпсан?
- дебди.
Тулки айтибди:
- Менинг қорним оч,
энди сени егим келиб қолди.
Товус:
- Хўп майли, мени егин, лекин
кўз олдимда, бир фотиҳа ўқиб есанг, ҳеч армоним қолмас
эди, - дебди.
Шунда Тулки пичир-пичир қилиб
қўлини кўтарибди:
- Омин, Аллоҳу акбар! -
деган экан, Товус Тулкининг олдидан "парр" этиб учиб кетибди. Тулки қўлини
кўтаргинача Товусга қараб туриб шундай деб фотиҳасини давом
эттираверибди:
- Овқат емасдан олдин
фотиҳа ўқиган аҳмоқ экан, овқатни еб бўлиб, ундан
кейин фотиҳа ўқиш керак экан, Омин, Аллоҳу акбар, - деб фотиҳасини
тамом қилибди.
БЎРИ БИЛАН ЭЧКИ
Бир бор экан, бир йўқ
экан, бир ўрмонда бир она Эчки болалари билан яшар экан. Эчкининг бешта боласи
бор экан. Каттасининг исми Алўл экан, укаларининг исмлари: Бўлул, Хумтакизар,
Пуштакидар ва Даракишод экан. Улар онаси билан ям-яшил ўрмонда сакраб-сакраб ўйнаб
юришган экан. Бу ўрмонда бир ёмон Бўри бор экан. У ҳар доим шохлар,
бутазорлар орқасида пойлаб, Эчкининг болаларини ейишни мўлжаллаб юрар
экан. Шунинг учун она Эчки ҳар гал ўрмонга кетаётганда болаларига эшикни
маҳкам беркитиб олишни, ҳеч кимга очмасликни тайинлар экан.
Эчки болалари оналарининг
овозини яхши танишар эдилар. Негаки, оналари келганида эшикни аста тақиллатиб,
мулойим, чиройли овоз билан болаларини эркалаб чақирар экан.
- Алўл - акам,
Бўлул - акам,
Хумтакизар,
Пуштакидар,
Даракишод!
Эшигингни оч,
Оғзимда ўт
олиб келдим,
Кўксимда сут олиб
келдим!
дер экан. Эчки болалари онасининг келганига хурсанд бўлишаркан,
дикир-дикир сакраб келишиб эшикни очишаркан, Оналарининг бўйнига осилиб эркаланишаркан.
Тўйиб-тўйиб сут эмишаркан, мазза қилиб барра майса ўтларни "қутир-қутир"
қилиб чайнаб еб олишаркан.
Ёвуз Бўри эса Эчкининг болалари
ёлғиз қолишини пойлаб юраркану, бироқ қандай қилиб
уйга кириб олишни билмас экан. Бир куни она Эчки ўрмонга кетаётганда, кечқурун
ўрмондан қайтганда болаларига айтган сўзларини эшитиб олибди. Эртаси куни
она Эчки ўрмонга кетганида, ёвуз Бўри эчкининг уйига келибди, эшикни қаттиқ-қаттиқ
тақиллатиб, қўпол, хунук овози билан чақира бошлабди:
- Алул ака,
Бўлўл ака,
Хумтоқ ака,
Пўстак ака,
Дар-дар ишод!
Оғзимда ўт
олиб келдим,
Кўксимда сут олиб
келдим,
Эшикни оч!
Оч тезроқ!
Эчки болалари Бўрининг овозини
дарров билиб олишибди. Ҳаммалари қўрқиб кетишибди, ака-укалар
бир-бирларига ёпишиб олишибди, оёқлари қалтирабди, тиллари
тутилибди. Шунда катта эчки-бола ичкаридан жавоб берибди:
- Эшикни очмаймиз! Сен бизнинг
онамиз эмассан, сен Бўрисан! Бизнинг онамизнинг овози чиройли эди, қошида
ўсмаси бор эди, кўзида сурмаси бор эди ... - дейишибди.
Бўри уялиб қолибди, секин
орқасига қараб кетибди. Кейин Она эчки келгунча бар чуқурга
тушиб олиб, пойлаб ётибди. Бир вақт она Эчки келибди, эшигини секин-секин
тақиллатибди, овозини паст қилиб, чиройлик овоз билан болаларини чақирибди.
Болалари оналарининг овозини дарров таниб олишибди, югуриб келиб эшикни очишибди,
"Ба-ба"лашиб, севинишибди, сакрашибди, дикир-дикир ўйинга тушишибди.
Эртаси куни она Эчки ўрмонга
кетганидан кейин Бўри яна Эчкичаларнинг уйи олдига келибди, уйни секин-секин тақиллатибди,
овозини атайлаб секин чиқариб эчки болаларини чақирибди:
- Алўл – акам,
Булул – акам,
Хумтакизар,
Пуштакидар.
Даракишод!
Эшигингни оч,
Оғзимда ўт
олиб келдим,
Кўксимда сут олиб
келдим!
- дебди айёр Бўри. У шундай ҳийлакорлик билан чақирибдики,
бечора эчки болалари уни ўз оналари деб ўйлабдилар. "Ойи-ойи!"
дейишиб, эшикни очиб қўйишибди. Қарашса; Бўри экан!
Бўри уйга бир сакраб кириб олибди,
ҳамма болаларни "хап-хап" деб еб қўйибди. Фақат
битта кенжатой - Даракишод бир бурчакда, бир кўзанинг ичида беркиниб қолган
экан.
Кечқурун она Эчки кўп
майса ўт, кўп сут билан, хориб-чарчаб ўрмондан келибди. Қараса уйининг эшиклари
ланг очиқ, ичкари кирса ҳамма нарсалар сочилган, болалари йўқ
эшш ... . Бечора она Эчки болаларини битта-битта отларини айтиб чақирибди.
Икки-уч марта чақирганидан кейин бир бурчакдан "ба-аа" деган
овоз эшитилибди. Бориб қараса, кенжа боласи ҳум ичига кириб олган
экан. У онасини кўриб чиқиб келибди, Бўрининг келганини, акаларини еб қўйганларини,
ўзи эса жуда қўрқиб кетганини айтиб берибди.
Она Эчки шу заҳоти ўрмонга
борибди, ёвуз Бўрини топибди.
- Ярамас Бўри! - дебди она Эчки,
- болаларимни еб кетибсан! Энди сен билан урушаман! Сен эртага тишингни чархлаб
кел, мен ҳам шоҳимни қайраб келаман!
Ёвуз Бўри бунга кўнибди.
Эчки Темирчининг олдига
борибди.
- Темирчи ака, - дебди она Эчки,
- шоҳимни чархлаб қўйинг!
Темирчи сўрабди:
- Шоҳингни чархлаб нима
қиласан?
- Бўри болаларимни еб кетибди,
у билан урушаман, болаларимни қутқариб оламан, - деб жавоб қилибди
она эчки.
- Хизмат ҳақимга
нима берасан? - деб сўрабди Темирчи.
- Хизмат ҳақингизга
бир тоғора сут бераман, - дебди она Эчки.
Темирчи она эчкининг шохларини
ўткир қилиб чархлаб қўйибди. Темирчининг олдига Бўри ҳам
келибди.
- Темирчи, Темирчи,
тишларимни чархлаб қўй, - дебди Бўри.
- Нима қиласан
чархлатиб, - деб сўрабди Темирчи.
- Эчки билан урушаман! -
дебди Бўри.
- Хизмат хақимга нима
берасан? - дебди Темирчи.
- Нима берардим сенга? -
дебди Бўри уялмай.
Темирчи жаҳли чиқиб
Бўрининг ҳамма тишларини қоқиб олибди, ўрнига қатор қилиб
чигит териб қўйибди.
- Бор энди, урушавер? - дебди
Бўрига.
Эртасига ўрмонда Бўри билан
она Эчки учрашибдилар. Эчки айтибди:
- Аввал урушишни сен
бошлайсанми, ёки мен бошлай-ми?
- Аввал мен бошлайман! -
дебди ёвуз Бўри.
- Бошлайқол! - дебди эчки.
Бўри қип-қизил кўзларини
очкўзлик билан қисиб, оғзини катта очиб, она Эчкини ейман деб бир ҳамла
қилган экан, Бўрининг тишлари дув эгиб тўкилиб тушибди.
Она эчки омон қолибди.
Энди она Эчкининг гали келибди.
- Энди менинг галим! - дебди
болаларидан айрилган она Эчки. У югуриб келиб шохларининг найзаси билан Бўрининг
қорнига бир сузган экан, Бўрининг қорни "парт этиб"
ёрилиб, Эчкининг болалари "Ба, ба, ойижон!" деб тушиб келишибди. Бўри
бўлса ўлиб қолибди.
Она эчки болаларини бағрига
босиб, уйига олиб кетибди. Ўша ўрмон ичида узоқ яшаб, мурод мақсадларига
етибдилар.
ДУШМАННИНГ КАТТА-КИЧИГИ БЎЛМАЙДИ
Ўтган замонда Ясар мамлакати подшосига
қарашли чўллардан бир гуруҳ карвон ўтиб кетаётган экан. Жазирамада ҳолдан
тойган кишилар кечки салқинда бир оз дам олмоқчи бўлиб тухташибди. Чўлда
сичқонлар яшар экан. Шу куни сичқонларнинг маликаси ўртоқлари
билан карвон тўхтаган жойда ўйнаб юрган экан. Сичқонлар туялар ва уларга
ортилган молларни кўриб қизиқиб қолишибди. Сичқонлар
маликаси анча ўжар экан, у саватлар орасига кириб, нималар борлигини ўз кўзи
билан кўрмоқчи бўлибди. У дугоналарининг: "Эҳтиёт бўл саватга
чиқма", деганига қулоқ солмабди ва саватда қамалиб
қолибди.
Эрталаб карвон сичқон-маликани
ҳам олиб йўлида кетаверибди. Воқеадан ҳабардор бўлган сичқонлар
қайғуриб, бир ерга йиғилишибди ва маслаҳат қилиб,
Ясар мамлакатининг подшосига нома юборибди. Унда: "Эй, улуғ шоҳ,
Сизнинг шаҳрингизга келган карвонда бизнинг маликамиз ҳам бирга
келган, шуни озод этсангиз", - дейилган экан.
Ясар подшоси бу номани ўқиб
ғазабланибди.
- Бор, подшойингга айт,
карвон орасидан сичқон қидириб юриш мендек подшоҳга
ярашмайди. Қўлидан келганини қилсин!
Сичқон вакиллар хафа қайтишибди.
Уларнинг подшоси ҳамма сичқонларни йиғиб:
- Ясар мамлакати подшосиниг
хазинасидаги ҳамма олтин-кумуш, лаъл-жавоҳирларни ташиб хазинамизга
келтиринглар! - деб фармон берибди. Бутун сичқонлар ер тагидан лаҳим
ковлаб, Ясар подшоси бойликларининг ҳаммасини ўз хазиналарига тўплабдилар.
Ундан кейин сичқонлар подшоси:
- Ясар подшоси омборидаги ғаллаларни
ҳам қуритинглар! - дебди.
Подшо омборидаги ғаллаларни
ҳам сичқонлар ташиб битиришибди. Сичқонлар подшоси йўл четига
чиқиб турса, бир ўткинчи йигит ўтиб кетаётган экан. Сичқон йигитни
тўхтатиб:
- Эй йигит, ун минг аскар йиғ.
Узинг уларга лашкарбоши бўласан. Ясар подшоси билан жанг қиламиз. Хазинамиздан
истаганингча тилла, кумуш олиб ҳаражат қилавер! - дебди.
Ўткинчи ҳам анча ақлли,
доно йигит экан, у: "Ақлим бору, пулим йўқ" - деб
юрганлардан бири экан. У сичқоннинг таклифига рози бўлиб, шаҳарлардан
камбағалларни йиғибди, пулни аямай ҳаражат қилиб, ўн
минг лашкар тузибди. Уларни от, кийим, қурол-аслаҳалар билан
таъминлабди. Сичқонлар аскарларни кўриб, хурсандликларидан ўйинга тушиб
кетишибди. Подшоси аса уларга:
- Тўхтанглар, тўйдан илгари
ноғора чалманглар! Ҳали урушда ким енгиб чиқади, номаълум.
Жангга яхши тайёрланиш керак, ҳушёрликни қўлдан берманглар! - деб
сичқонларни огоҳлантирибди. Шундан сўнг сичқонлар подшоси
Ясар подшосига нома юбориб, уруш эълон қилибди. Ясар подшоси номани ўқиб,
қах-қаҳ уриб кулибди. Кейин бу нома таъсир қилиб:
- Энди кунимиз сичқонлар
билан жанг қилишга қолдими? - дебди, - Қанча подшоларни енгиб
қойил қилдик. Сичқонлар билан урушиш бизга ор-номус эмасми?
Сичқонлар киму, биз ким? - деб подшо мўйлабини бураб ҳаёл сурибди.
Подшо яна ўз-ўзига:
"Балки сичқонларнинг ажали етиб, қирилиб, ер юзидан йўқолиб
кетиш вақти етгандир, бу вазифани биз бажаришимиз керакдир", - дебди.
Кейин вазирга;
- Қани, урушга ҳозирланинглар!
- деб фармон берибди. Жангга тайёрланиш учун пул зарур, хазиначини чақирса,
у дод солиб келибди.
- Ха, нима бўлди? - деб сўрабди
подшо.
- Тақсир, фалокат рўй берди,
- деб хазиначи йиғлабди. Подшо:
- Гапир, нима бўлди?- деса
Хазиначи:
- Хазанада бир танга ҳам
қолмабди! - дебди.
Подшо ғазабланиб
вазирлари билан югурганича хазинага кирса, ҳақиқатан ҳеч
вақо йўқмиш. Подшо;
- Ғалладан сотиб, уруш
анжомларини тахт қилинглар! - деб фармон берибди.
Ғалла омборчилари ҳам
йиғлаб келишибди. Омборда бир қадақ ҳам ғалла қолмаган
экан.
Ясар подшоои бу аҳволни
кўриб хазиначи ва омборчиларни жазога буюрибди. Подшо лашкарларини жанг майдонига
юборибди. Ҳар икки томон жанг майдонига етиб келибди ва эрта саҳарда
уруш бошланибди. Бироқ кечаси лашкарлар ухлаб ётганида сичқонлар
келиб, Ясар подшоси лашкарлари отларининг эгар-жабдуқларини ва бошқа
нарсаларини қийиб, йиртиб, тешиб, тилка-тилка қилиб ташлашибди.
Ясар лашкарлари эрталаб
жангга кирмоқчи бўлиб, шошилиб отларини эгарламоқчи бўлишибди, лекин
қўлларидан ҳеч нарса келмабди.
Лашкарлар ваҳимага
тушиб, тўрт томонга зир югуришибди.
Бу фурсатдан фойдаланган сичқонлар
томонидаги лашкарлар ҳужум бошлаб, Ясар подшосининг аскарларини енгибди.
Душман таслим бўлибди. Ясар мамлакатига
ўткинчи йигит подшо бўлибди. Шундан буён эл орасида: "Душманнинг катта-кичиги
бўлмайди", - деган нақл юрар экан.
ЗУМРАД ВА ҚИММАТ
Ўтган замонда катта сой бўйида
бир уй бўлар экан. Бу уйнинг бир томони қалин ўрмон билан туташган экан.
Бу уйда чол, унинг қизи
Зумрад, ўгай она ва унинг Қиммат деган арзандаси яшар эканлар. Кампир
арзанда қизи Қимматни ардоқлар, уни эркалар, талтайтирар,
Зумрадни эса жуда-жуда ёмон кўрар экан.
Хуллас, кампирнинг Зумрадни кўргани
кўзи, отгани ўқи йўқ экан. У ҳадеб эртадан кечгача Зумрадни
уриб, қарғаб ишлатаркан, бечорага бирпас ҳам тинчлик бермас
экан.
Зумрад чиройли, одобли,
мулойим, ақлли қиз экан. Уни бир кўрган киши яна кўрсам деб орзу қиларкан.
Хуллас, у жуда ажойиб қиз экан.
Кампирнинг арзандаси Қиммат
эса, иш ёқмас, инжиқ ва тантиқ қиз экан. Унинг бутун
куни уриш-жанжал ва тўпалон билан ўтар экан. Зумрад ҳар куни эрта билан
барвақт кўзасини кўтариб, сой ёқалаб булоқ бошига бораркан.
Йўлда лолалар, ранг-баранг гуллар уни кўриб бошларини эгиб, унга салом
берарканлар. Зумрад майсалар устида ўтириб дам олганида, гуллар уни олқишлар,
булбуллар қувониб, унга қўшиқлар айтиб берар эканлар.
Аммо ҳудди шу гуллар
кампирнинг арзандасини севмас, уни эркаламас эканлар, бу қиз гулларга
озор берар, уларни юлиб ташлар, тепкилар экан, лолалар, гуллар Қимматнинг
келишини билиб қолсалар, қовоқларини солиб, юмилиб қоларканлар.
Ёвуз кампир бундан ғазабланар экан ва буни Зумраддан кўраркан. Бир куни
кампирнинг нияти бузилибди, у Зумраддан қутулмоқчи бўлибди, чолни
чақириб олиб, унга дағдаға қилиб: "Қизингни ўрмонга
олиб бориб адаштириб келмасанг, мен сен билан бирга турмайман!" - дебди.
Бечора чол ноилож зор-зор йиғлаб,
қизи билан ўрмонга йўл олибди, тоғу тошлардан ўтибди, бир ўрмонга
борибди. Ота-бола ўрмон ичида узоқ юришибди. Охири қуюқ сояли
бир жойга бориб тўхташибди. Кейии чол ўтин кесгани кетибди. Зумрад эса ёлғиз
қолибди.
Бирдан шамол турибди. Чол эса
ўрмондаги бар катта дарахтга болтасини осибди-да, унга оғирроқ тош
боғлаб қаттиқ тортиб юборибди. Болта у ёқдан-бу ёққа
урилиб тўқиллайверибди.
Шамол кучайибди. Болта шамол
кучи билан дарахтга урилиб "тўқ-тўқ" қилиб товуш чиқазибди.
Зумрад "отам ўтин
кесаётибди" деб ўйлаб, уни анчагача кутибди. Кеч бўлибди, отасидан дарак бўлмабди.
Шамол тўхтабди. Қиз ўрмонда чучмомаларни териб юриб, бехосдан болта осилган
дарахт олдига бориб қолибди. Қараса, отаси йўқ эмиш.
- Вой, шўрим қурисин!
Вой отажон! - деб уввос солиб йиғлаб, тўрт томонга югурибди. Ҳеч кимдан
дарак бўлмабди, қиз ўрмонда адашиб қолибди.
Ўрмон яна ҳам ваҳимали
бўлиб кўринибди. Бесўнақай дарахтлар, қинғир-қийшиқ
шох-шаббалар орасидан ваҳимали, ҳайбатли йиртқич ҳайвонлар
чиқиб келаётгандай туюлибди. Қиз қаёққа боришини
билмай, охири кичик бир сўқмоқ йўлдан чопиб кетаверибди.
Зумрад узоқ йўл
босибди. Гуллар эса қоронғида унинг йўлини ёритибди. Кета туриб, бир
вақт қараса, узоқда милтиллаган чироқ кўринибди, итнинг
хургани эшитилибди. Қиз ўша томонга қараб юраверибди. Тезда бир
уйга етибди. Уйнинг дарвозасидан қараса, бир кампир ўтирган эмиш. Қиз
севиниб, кампир олдига кирибди, унга салом бериб, бошидан кечирган воқеаларни
бирма-бир айтиб берибди.
Шундай чиройли қизчанинг
уйига келганини кўрган кампир жуда қувонибди, қиз унга ёқиб қолибди.
Кампир сеҳргар экан. У қизнинг йиғлаганини кўриб:
- Йиғлама, қизим,
мен сенга ёрдам бераман, - деб Зумрадни овутибди, яхши эртаклар айтиб берибди. Қиз
ҳам хурсанд бўлиб:
- Раҳмат, бувижон! Мен
сизни ўз онамдек кўраман. Буюрган ишингизни жоним билан қиламан, деб жавоб
берибди.
Шу чоқ уйнинг томига бир
гала қуш келиб қўнибди. Қушлар қизчани мақтаб
сайрашибди. Қушлар тилини билган сеҳргар кампир яна ҳам қувонибди
ва қизга дунёда топилмайдиган китоб, қўғирчоқлар бериб:
- Оппоқ қизим,
ширин қизим, дўмбоғим, мўнчоғим! - деб қизни эркалабди.
Улар анча кун бирга
туришибди. Кампир қизчани парвариш қилибди.
Зумрад ҳар куни уйни
сипириб-сидириб, дераза ойналарини артиб-суртиб, ҳамма ёқни
чиннидай қилиб қўяр экан. Буни кўрган кампир яна ҳам қувониб
кетар экан.
Бир куни кампир қизга
ош қилиб бермоқчи бўлибди. Зумрадга қараб:
- Жонгинам, томдан ўтин олиб
туш, ош қилиб бераман, - дебди.
Қиз:
- Хўп бўлади, онажон, - деб
дарров томга чиқибди. Том жуда баланд экан, ҳамма ёқ кўриниб
турар экан.
Қиз атрофга қараб
туриб, бирдан ўз уйининг томини кўриб қолибди. Юраги ўйнаб, йиғлаб
юборибди. Буни эшитган кампир:
- Нега йиғлайсан, жон қизим?
- деб сўраган экан, қиз:
- Кўзимга уйимиз кўриниб кетди, отамни соғиндим, - деб яна йиғлабди.
Кампир уни юпатибди, икковлари овқат пишириб ейишибди.
Эрта билан кампир:
- Қани, нарсаларингни
йиғиштирчи, қизим! - дебди. Қиз китоб, қўғирчоқларини
йиғиштирибди.
Кампир қизга:
- Томда иккита сандиқ
бор, оқ сандиқни қолдириб, қизил сандиқни олиб туш!
- дебди-ю, ўрмонга кириб кетибди ва ўрмондан саман от қўшилган бир арава
етаклаб чиқиб, қизни аравага ўтқазибди.
- Сандиқни уйга
боргандан кейин очгин, оппоқ қизим, - деб кампир Зумрадга бир калит
берибди.
Қиз билан кампир қайта-қайта
ҳайрлашибдилар. Зумрад йўлга тушибди. Бир зумда арава қизнинг уйига
етиб келибди. Шу вақт севимли қизидан ажралиб қолган бечора
чол ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, Зумрадни соғиниб эшиги олдида йиғлаб
ўтирган экан. Қиз отасини кўриши билан:
- Салом, отажон! - деб унинг
бағрига ташланибди. Чол хурсанд бўлганидан анчагача кўз ёшларини тўхтата
олмабди. Охири йиғидан тўхтаб, қизига:
- Оппоғим, мени кечир,
- деб, қизини бағрига босибди.
Улар уйга киришибди. Қизнинг
келгани ҳаммага маълум бўлибди. Қўни-қўшнилар йиғилишибди.
Улар Зумраднинг қандай қилиб келгани, нималар олиб келганини
билишга қизиқишибди. Шу пайт қиз қизил сандиқни
очиши билан ҳамма ҳайрон қолибди: сандиқ асил моллар
билан лиқ тўла экан. Мол шунча кўп, шу қадар ажойиб эканки, Зумраднинг
бутун умрига етиб ортар экан.
Буни кўриб ўгай она қаттиқ
ташвишланибди, қаҳру-ғазабга тўлибди.
Очкўз, ичи қора кампир
арзандаси Қимматнинг ҳам шундай бойликка эга бўлишини истабди ва
чолга дағдаға қилибди, қизи Қимматни ҳам
тезда ўрмонга обориб, адаштириб келишини буюрибди. Чол Қимматни дарров ўрмонга
адаштириб келибди.
Кеч кирибди, Қиммат ҳам
Зумрадга ўхшаб, болта осилган дарахт тагига бориб қолибди ва адашганини сезибди,
ҳўнг-ҳўнг йиғлабди, уни ҳеч ким овутмабди, эркаламабди.
Унинг рўпарасида бойқушлар ўтириб олиб, хунук товушлари билан сайрашибди,
Қимматни масҳара қилиб кулишибди, ўрмон яна дахшатли кўринибди.
Ўрмон Қимматни ваҳимага
солибди. У қўрқиб қоча бошлабди. Ўрмон қоп-қоронғи.
Қиммат сеҳргар кампирнинг уйига кириб борибди. Кампир уни яхши
кутиб олибди, овутибди, меҳмон қилибди. Сўнгра қизга қараб:
- Хафа бўлма, қизим, ўзим
ёрдам бераман, - дебди. Аммо Қиммат сеҳргар кампирга бир оғиз
ҳам ширин сўз сўзламабди, чунки онаси унга бирорта ҳам ширин сўз ўргатмаган
экан. Кампир уни севмабди, эртак ҳам айтиб бермабди, китоб ва қўғирчоқлар
ҳам бермабди.
Қиммат ялқов,
дангаса қиз экан, у эртадан-кечгача сеҳргар кампирникида ўтираверар
экан, уйни йиғиштирмас, сипириб-сидирмас экан.
Бир куни кампир ўрмондан қайтиб
келиб, унга:
- Томдан ўтин олиб туш, қизим!
- деган экан, қиз:
- Ўзингиз олиб туша қолинг,
малайингиз йўқ! - дебди.
Кампир жудаям ҳафа бўлибди,
аммо қизни алдаб-сулдаб томга чиқарибди. Лекин қиз ўтин олиб
тушмабди, том бошида чинқириб йиғлайверибди. Кампир буни эшитиб:
- Нега йиғлайсан, қизим?
- деб сўраган экан, Қиммат ер тепиниб:
- Уйимни кўрдим, кетаман, -
деб ҳўнграб йиғлайверибди. Сеҳргар кампир унга:
- Жуда яхши, томдаги сандиқни
олиб туш! - дебди. Қиммат сандиқни олиб тушибди. Кейин кампир қизга
бир калит узата туриб:
- Мана калит, сандиқни
уйингга борганингда очасан, - дебди. Қиз шу заҳотиёқ йиғидан
тўхтабди ва оқ сандиқни орқалаб жўнабди. Сеҳргар кампир
унга арава ҳам бермабди, қиз оғир сандиқни кўтарганича
уйига келибди.
Қизнинг келишини
даставвал олапар ит сезибди. У Қимматнанг онаси олдига бориб:
- Вов, вов, вов - деган экан,
кампир қулоқ солмабди, ит яна вовиллабди:
- Опам келаётирлар, орқаларида
оқ сандиқ, илон билан лиқ тўлиқ - дебди.
Кампир ғазабланибди, ўқлоғи
билан итни уриб, оёғини синдирибди.
- Менинг қизим ақлли,
у қимматли моллар келтиради, - дебди у.
Қизининг келганини кўриб,
кампир ўзида йўқ севинибди. Қўни-қўшнилар йиғилибди,
сандиқни очмоқчи бўлишибди.
Шунда кампир билан қизи:
"Йўқ, очманглар!" - деб ўзларини сандиқ устига ташлабдилар.
Кейин сандиқнинг икки қулоғидан кўтариб, уйга олиб кириб
кетибдилар.
Ярим кеча экан, кампир билан қиз
эшик-эликни ёпиб, сандиқни очибдилар. Очибди-ю, бирданига "Вой дод, қутқаринглар!",
"Аждар!", "Вой дод!" деб бақиришибди.
Сандиқда иккита аждар
ётган экан. Қоқбош кампир билан унинг уришқоқ қизи
додлашиб, уйни гир-гир айланишибди, қўрққанларидан қулф
эшикни очолмабдилар.
Икки аждар кампир билан қизни
ютиб, дарчадан чиқиб кетибди.
"Вой дод!" деган
овозни эшитган қўни-қўшнилар эшикни бузиб ичкари кирибдилар. Қарасалар,
ҳеч ким йўқ эмиш. Уйда ёвуз кампирни ҳам уришқоқ қизини
ҳам тополмабдилар.
Шундай қилиб, оқ
кўнгил Зумрад билан ота иккиси тинчгина яшаб, мурод-мақсадларига етибдилар.
ҚАРҒА БИЛАН ҚЎЗИ
Бор экан, йўқ экан, бўри
баковул экан, тулки ясовул экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ
чақимчи экан, ўрдак сурнайчи экан, ғоз карнайчи экан, товуқ
тақ этди, билмадим қаққа кетди.
Бар қарға билан қўзи
бор экан. Қарға қўзи ёнига бориб:
- Сени ейман, - дебди.
- Мени ейишга ейсану, тумшғинг
ҳаром, дарёга бориб чайқаб келиб, ундан кейин егин, - дебди қўзи.
Қарға тумшуғини чайқагани дарёга борибди. Дарё сувини
пастга тортиб олиб:
- Мендан одамлар сув ичади,
сенинг тумшуғинг ҳаром, Устабой кулолдан битга кўза олиб келгин,
сувни мен берай, сен сувни олиб уёқда чаёқагин, - дебди.
Шунда қарға Устабой
кулолнинг олдига бориб:
- Эй Устабой кулол, беринг кўза,
олай сув, чайқай тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, - дебди.
Устабой кулол:
- Тупроғим адо бўлиб қолди.
Тупроқолур деган ердан тупроқ олиб келиб бергин, мен янги кўза қилиб
бераман, - дебди. Шўрлик қарға Тупроқолурга учиб борибди:
- Беринг тупроқ, қилсин
кўза, олай сув, чайқай тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, -
дебди. Тупроқолур:
- Тоғнинг бошида бир
кийик бор. Шу кийикнинг шохидан олиб кел. Ўша кийик шохи билан қазиб
оласан, - дебди. Қарға бу ердан ҳам учиб тоғ тепасидаги
кийик олдига борибди:
- Хой кийик ака, беринг шоҳ,
қазий тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай тумшуқ,
ейман семиз, аъло қўзи, - дебди. Кийик бечора айтибди:
- Раҳмим келиб берай
дедиму шохим қаттиқ ўрнаган, жоним оғрийди. Бир Пўлатвой ака
деган кишининг тозиси бор. Шу тозисини сизга берсин. Този келиб мени қувсин,
мен қочиб кетиб дарахтларга шохимни уриб тушириб берай, - дебди.
Шундан кейин қарға
учиб Пўлатвой аканинг олдига бориб:
"Пўлатвой ака" - деб
чақирибди.
- Беринг този, қувсин
кийик, ташласин шох, қазий тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай
тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, - дебди.
Пўлатвой айтибди:
- Тозимнинг қорни оч, бедармон
бўлиб ётибди. Тош акамнинг сигири бор, ўша сигирнинг сутидан берсин, олиб
келинг, ичирамиз, този овқатланиб олиб кийикингизни қува берсин, - дебди.
Қарға учиб бориб:
- Тошвой ака! - деб чақирибди.
- Лаббай, дебди Тошвой ака.
- Беринг сут, ичсин този, қувсин
кийик, ташласин шох, қазий тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай
тумшуқ, ейман семиз, аъло қўзи, - дебди.
Тошвой ака:
- Сигиримнинг қорни оч,
далага боргани йўқ. Сен даладан бир кўтарим қуроқ олиб келиб
бер, сигир еб сутга кирсин, ундан кейин олиб кетасан, - дебди. Қарға
бир қуроқзор кўлга бориб:
- Беринг қуроқ,
есин сигир, берсин сут, ичсин този, қувласин кийик, ташласин шох, қазий
тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай тумшуқ, ейман
семиз, аъло қўзи, - дебди.
Қуроқ айтибди:
- Юлиб олсанг қўлингни қийиб
кетаман, шаҳарнинг чеккасида ўроқ қиладаган уста Сўкилди
деган бор. Битта яхши ўроқ қилиб берсин, мени ўриб олиб кетгин, -
дебди. Қарға учиб уста Сўкилдининг олдига бориб:
- Беринг ўроқ, ўрай қуроқ,
есин сигир, берсин сут, ичсин този, қувласин кийик, ташласин шох, қазий
тупроқ, қилсин кўза, олай сув, чайқай тумшуқ, ейман
семиз, аъло қўзи, - дебди.
Уста Сўкилди:
- Кўмирим тамом бўлиб қолган
эди. Бир тоғнинг бошида беш-ўн хонадон бор, улар кўмир куйдираётган эмиш,
кўмиридан олиб келиб бер, сенга пашшанинг қанотидек олмосдан ўроқ қилиб
берай.
Қарға бу ердан ҳам
учиб ўша кўмирчиларнинг олдига бориб:
- Кўмирчи ака, кўмирчи ака,
беринг кўмир, қилсин ўроқ, ўрай қуроқ, есин сигир, берсин
сут, ичсин този, қувсин кийик, ташласин шох, қазий тупроқ, қилсин
кўза, олай сув, чайқай туглаук, ейман семиз, аъло қўзи, - дебди.
Кўмирчиларнинг бири бир парча
кўмирни олдига ирғитиб юборибди. Қарға кўмирни олиб уста Сўкилдининг
олдига келибди:
- Мана, кўмирни топиб келдим,
- дебди. Уста:
"Оббо, важ қилсам ҳам
бўлмади-я", деб бир пашшанинг қанотидек олмосдан қилинган ўроқни
қарғанинг қанотига ўтказиб қўйиб-ди. Қарға
бир қанча учгандан кейин ўроқ қанотини шартта қирқиб
кетибди. Иккинчи қанотига ўтказиб олибди. Яна бир қанча учгандан кейин
иккинчи қанотини ҳам шартта қирқиб кетибди. Бечора қарға
энди ўроқни бўйнига солибди, уча олмасдан ҳиқиллаб қанча
йўл юрибди. Бўйнини ҳам ўроқ шартта кесиб кетибди. Қарға
мақсадига етолмай, бир чўлда ўлиб қолибди. Қўзи эса қутилиб
қолибди.
ЭЧКИ, ҚЎЙ
ВА БЎРИЛАР
Бир бор экан, бир йўқ
экан, қадим замонда бир одамнинг бир эчкиси билан бир қўйи бўлган
экан. У қўй билан эчкини роса боқиб, семиртирган экан. Бир куни
эчки эгасининг "Эчкини сўйиб еймиз", деган сўзини эшитиб, тезда қўйнинг
ёнига етиб борибди-да:
- Эй, дўстим, хўжайин сени сўйиб
емоқчи. Буни ўз қулоғим билан эшитиб, сени хабардор қилгани
келдим,- дебди.
Бу гапни эшитиб кўзи қинидан
чиқиб кетай дебди. У эчкига:
- Эчки, дўстим, ундай бўлса
юр иккаламиз бирга қочайлик. Нега десанг, мен қочсам навбат сенга
келади, - дебди.
Эчки дарров рози бўлибди.
Улар чўл-биёбонга қараб йўл олибдилар. Улар юриб-юриб бир бўрининг
калласи ёнига келиб қолибдилар, Эчки кўрсаки, бир бўрининг калласи узилиб
ётганмиш, шунда у қўйга каллани кўрсатиб:
- Қўйжон, мана бу
сенинг ашаддий душманингнинг калласи. Буни халтангта солиб ол, керак бўлиб қолар,-
дебди.
Қўй қўрқиб
калланинг ёнига боришдан бош тортибди, лекин ўзининг қўрққанини
эчкига билдирмасликка уриниб:
- Эчкижон, кел, иккимиз
халтага соламиз. Нега десанг, менинг бир ўзим халтани очиб, ҳам халтага
солишим қийин, сен халтани оч, мен каллани халтага солайин, сен ҳам
соқолли ботирсан, кел дўстим иккимиз бу ишни бажарайлик, - дебди.
Эчки рози бўлибди ва улар
иккаласи каллани апил-тапил халтага солибдилар-да, орқаларига қарамасдан
кетаверишибдилар. Улар йўл юришибди, йўл юришса ҳам мўл юришибди, бир ўтлоққа
етиб олибдилар, эндигина эркин нафас олиб, ўт еб, қоринни тўйғазамиз
деганларида бир неча бўриларнинг бирлашиб палов пишраётганларига кўзлари тушиб қолибди.
- Нима қиламиз? - дебди
қўй эчкига қараб.
- Ҳозир, - дебди эчки
ва бўриларнинг олдига бориб: - Ассалому алайкум, кечларингиз хайрли бўлсин! -
дебди.
Бўрилар бир-бирларига қарашиб,
кулишиб, ўзларича: "Худо бизга гўшт етказди", дебдилар.
Шунда бири ўрнидан туриб эчкига
яқинлашган экан, фурсатни қўлдан бермасдан:
- Сизларга гўшт керакми? Эҳ-э,
қанча керак десангизлар бизларда топилади, - дебди-да, қўйга қараб:
- Бориб халтадаги гўштнинг
яхшисидан бир калла олиб кел! - дебди.
Қўй таъзим қилиб
чиқиб кетибди-да, бориб халиги каллани олиб келиб, эчкига узатибди:
- Нимага яхшисини олиб келмадинг?
- дебди эчки қўйга сиёсат билан. Қўй бўлса:
- Тўққиз калладан
энг яхшиси шу экан, агар бундан яхшиси керак булса мана буларникидан бирини
дарров узиб олинг, - дебди,
Буни эшитган бўрилар ўтирган
жойларидан дарҳол тура солиб қоча бошлабдалар. Эчки бўлса, ёнида
турган бўрини бор кучи билан боплаб сузиб юборган экан, бўри узаласига йиқилибди-да,
жон талвасасида қочиб қутилибди. Қўй билан эчки пишаётган паловни
ебдилар, ётиб ором олибдилар.
ОЧ БЎРИ
Бор эканда йўқ экан, оч
эканда тўқ экан, бир оч бўри бўлган экан. Кунлардан бир куни у дон еб
юрган бир ҳўрозни кўриб қолибди. Бўри ҳўрозни ушлаш пайига
тушибди. Ҳўроз қанотини ёзиб қаҳ-қаҳ,
дейман деб турган экан, бўри лип этиб келиб ҳўрознинг қанотидан
тишлаб олибди. Ҳўроз кўрса, бўри уни маҳкам ушлаб турган эмиш.
Шунда ҳўроз сўрабди:
- Э, бўри, мени нима қилмоқчисан?
- Мен сени ейман, - дебди бўри.
- Мени шундайлигимча есанг ҳеч
мазза қилмайсан, ейдиган бўлсанг кашнич, пиёз билан егин-ки, дунёда бир
маза қилгин, - дебди ҳўроз.
Бўри:
- Кашнич, пиёзни қаердан
топаман? - дебди.
Ҳўроз:
- Кашнич, пиёзни шу яқин
орадаги қишлоқдан топасан, сен бориб келавер, мен сени шу ерда
пойлаб тураман, - дебди, Бўри кашнич, пиёз излай кетиши биланоқ ҳўроз
париллаб учиб кетибди.
Бўри кашнич, пиёзни қийналиб-қийнналиб
зўрға топиб келибди. Қараса, ҳўроз йўқ эмиш. У ёққа
югурибди, бу ёққа югурибди, ниҳоят хўрозни тополмай, ночор йўлга
тушибди.
Бўри бир ердан ўтиб кетаётган
экан, бир қўзи ўтлаб турганмиш.
Қўзи:
- Э, бўри, мени нима қилмоқчисан?
- дебди.
Бўри:
- Мен сени емоқчиман, -
деб жавоб берибди.
- Мени қуруқ гўштимни
еганинг билан мазза қилмайсан, яхшиси бориб коннинг тузидан олиб кел,
шундан кейин гўштимни мазза қилиб еб, армондан чиқасан, - дебди қўзи.
Бўри қўзини шу ерда қолдириб,
кондан туз олиб келгани жўнаб кетибди. Шу пайтдан фойдаланиб қўзи қочиб
қолибди. Бўри сарсон-саргардон бўлиб кондан туз олиб келса, қўзи қочиб
кетган эмиш. Қўзини тоза излабди, ахири тополмай яна йўлга тушибди.
Бўри кенг чўлда югуриб
кетаётган экан, унга бир от рўпара келиб қолибди. Бўри тез-тез юриб, отнинг
олдига ўтиб олибди. От бўрига яқин бориб, уни искаб кўрган экан, бўри чаққонлик
билан отнинг тумшуғига ёпишиб олибди. От хўп уриниб кўрибди, лекин ўз
тумшуғини оч бўридан ажратиб ололмабди. Кейин от бир ҳийла қилмоқчи
бўлибди.
- Эй бўри, нима қилмоқчисан?
- дебди.
- Мен сени емоқчиман, -
дебди бўри.
- Ундай бўлса, - дебди от, -
аввал менинг орқамга ўт, отам ўлмасдан аввал туёғимга бир насиҳатнома
ёзиб қолдирган эди, шу насиҳатнома сенга тегишли, сен шуни ўқиб
олиб, сўнгра мени еяқол, - дебди. Бўри отнинг тумшуғини бўшатиб,
унинг орқасига ўтибди, отнинг туёғидаги хатни ўқийман деб
эгилиб термилибди, маҳлиё бўлиб турган экан, от туёғини ктариб,
бурининг огзига бир тепибди.
- Эй саводсиз, хатни ўқий
олмасанг нимага орқамга ўтдинг? - дебди от.
Ҳақиқатдан ҳам
бўри саводсиз экан. Отнинг қаттиқ тепкисидан бўрининг оғзида
битта ҳам тиши қолмай, синиб ичига кетиб қолибди. Бўрининг
тумшуқлари мажақланиб, эсини йўқотиб гангиб қолибди, бир
вақт ҳушига келибди. Бўри ақлини ростлаб ўзига-ўзи таъзир
бериб, дебди:
- Кўрдингки ҳўроз, сенга
ким қўйибди кашничу пиёз, кўрдингки қўзини, сенга ким қўйибди
коннинг тузини, кўрдингки от, еб ёнида ёт, хат билмасанг кетига ўтиб мирза бўлишинг
уят... деб алжираб-алжираб ўлиб қолибди. Ҳўроз, қўзи ва от
душмандан қутилиб қолишибди.
УЧ ТУЛКИ
Қашқа номли қуён
бор экан. Бир куни у эшагига минибди-да, ҳўтигини эргаштириб, чангалзор
орқасида яшайдиган холасиникига кетибди.
Ариқ лабида қум
замбарак ўйнаб ўтирган қуёнлар:
- Чангалзор қўрқинчли, ёлғиз борма! - дейишибди қичқириб.
Қашқа кўнмабди.
Кун қизигаи, туш пайти
экан. Шўх ҳўтик бошидаги попукларини силкитиб диркиллар, бўйнидаги қўнғироғи
ҳадеб жиринглар экан.
Чангалзорда ота, она ва бола
тулкилар яшар экан. Қўнғироқ овозини эшитиб, уларнинг қулоқлари
диккайибди.
- Қайсар Қашқа
келяпти, - дебди бола тулки.
- Адабини берамиз, - дебди
она тулки, - мен эшагини олиб қочаман.
- Мен ҳўтигини олиб қочаман,
- дебди ота тулки.
- Мен кийимларини, дебди бола
тулки.
Қашқа чангалзорнинг
қоқ ўртасига етибди.
Қашқа эшакни ҳайдаб
олдинда бораверибди, чарчаган ҳўтик эса анча кейинда қолиб кетибди.
Қашқа ортига қарайвериб, охири бўйни оғрибди ва:
- Хут–хут–хут, - деявериб
чарчабди.
Энг охири у: "Қўнғироқ
жиринглаяптику, ҳўтик келаярти-да", деб ўйлаб бемалол келаверибди.
Буни кўрган ота тулки аста
келиб ҳўтик бўйнидан қўнғироқни ечиб олибди-да, эшакнинг
думига боғлаб қўйибди. Кейин ҳўтикни олиб қочибди.
Муюлишда дарахтлар орасида
бирдан она тулки пайдо бўлибди. У қуёндан сўрабди:
- Хой қуёнча якка ўзииг
қаёққа кетаяпсан?
Қашқа: "Тағин
шум тулки ҳўтигимни олиб қочмасин", деб шартта қайрилиб қарабди,
қараса ҳўтик йўқ.
- Вой ҳўтиккинам ... қайда
қолдинг? - деб бирдан йиғлаб юборибди.
- Йиғлама, - дебда она
тулки, - ҳўтигинг қаёққа боришини билмай нариги
муюлишда турибди. Бориб, ҳайдаб кел! Мен эшагингга қараб тураман.
Қашқа суюнганидан
эшакни қолдириб, орқага югурибди.
- Вой лапашанг-е, - деб
кулибди она тулки ва эшакка мина солиб қочибди.
Қашқа ҳўтигини
тополмай, қуруқ қайтиб келибди. Қараса, эшаги йўқ.
Бирам қўрқиб кетибдики, асти қўяверинг: "Энди ўзимни ҳам
ўғирлай кетмасалар эди..." - деб ўйлабди у.
Қашқа чопқиллаб
кетаётган экан, кул лабида йиғлаб ўтирган жажжигина тулкичага йўлиқибди.
- Э биродар, - дебди тулкича,
- шўрим қуриди. Бозорга бораётгандим, бир ҳамён олтиним сувга тушиб
кетди, энди нима қиламан? Отам ўлдиради ... .
- Йиғлама, - дебди Қашқа
раҳми келиб.
- Сузишни билсанг олиб чиқиб
бер. Юз тангасини сенга бераман, - дебди тулкича.
Қашқа: "Юз
танга. Эшак билан ҳўтикнинг баҳоси юз танга турса керак ... . Бунга
эшак сотиб олсам бўлади ..." - деб ўйлабди.
- Бўпти, - дебди Қашқа.
- У ҳаш-паш дегунча
кийимини ечиб сувга шўнғибди.
- Муродимга етдим, - деб кулибди
тулкича.
Қашқа олтинни
тополмай чиқса, кўл лабида тулкича ҳам йўқ эмиш, кийимлари ҳам
... .
Шу-шу Қашқа
чангалзорда ҳеч қачон ёлғиз юрмайдиган бўлибди.
ЭГРИ ВА ТЎҒРИ
Бир бор экан, бир йўқ
экан, қадимги замонда Тўғрибой деган бир киши бўлган экан. Тўғрибойнииг
бирдан-бир давлати - оти экан.
Кунлардан бир кун Тўғрибой
мардикорлик қилгани шаҳарга жўнабдт. Йўлда бир киши унга ҳамроҳ
бўлибди.
- Ҳўш,
шерик, қаёққа кетяпсиз? - деб сўрабди Тўғрибой ундан.
- Мардикорлик қилгани шаҳарга кетяпман, - деб жавоб берибди
у.
- Э, мен ҳам, - дебди Тўғрибой,
- отингиз нима?
- Эгрибой, - деб жавоб
берибди у. - Сиззнинг отингизчи?
- Тўғрибой.
Хамкасблар бирга ишлашга аҳд
қилишибди.
Тўғрибой отда кетаётиб:
"Шеригим чарчади. Отни навбат билан минишайлик. Бўлмаса бу дўстликдан эмас",
- деб ўйлабди.
У отдан тушиб, Эгрибойни отга
миндирибди. Эгрибой отга миниши биланоқ қамчи уриб, от бошини қўйибди
ва бир зумда кўздан ғойиб бўлибди.
- Дўст бўлиб душманнинг ишини
қилди, - дебди Тўғрибой.
У яёв кетаверибди. Кеч кирибди.
Йўлда адашиб, бир сўқмоқдан юрибди, сўқмоқ ўрмонга
элтибди.
У ўрмонда тунамоқчи бўлибди.
Ўрмон яланғоч, бошпана
булгудай жой йўқ экан. Бирдан Тўғрибой олдидан бир эски тандир чиқиб
қолибди.
Тўғрибой: "Кел, шу
тандир ичига кириб ухлай қолай", - дебди-да тандир ичига кириб
ётибди.
Кўп ўтмай ўрмон эгалари -
йиртқич ҳайвонларнинг бўкирган ва улиган овозлари эшитилибди.
Арслон – шоҳ, йулбарс –
вазир, бўри – карнайчи, шакал – сурнайчи, айиқ – полвон, тулки – достончи
тандир ёнига йиғилишибди.
Арслон – шоҳ тандир
устига чиқибди. Йиғин бошланибди. У тулкига сўз берибди.
Тулки достон бошлабди:
- Оғайнилар, мен
сизларга айтсам, ўн йил бўладики, ўрмон ёқасидаги ғорда яшайман. Ўн
йилдан бери давлат йиғаман. Мендаги асбоб-ускуна, мол-дунё ҳеч
кимда йўқ.
Навбат шақалга келибди:
- Ўрмонга туташган катта тепалик
остида яшайман. У ерда бир сичқоним бор, ҳар куни туш пайти инидан
чиқади, унинг қирқ битта тилласи бор, шуни ўйнагани ўйнаган.
Тиллани ўйнаб-ўйнаб яна инига олиб кириб кетади.
Айиқ унинг сўзини бўлибди:
- Бу ҳам унча қизиқ
эмас. Ўрмонда бир тўп садақайрағоч бор. Қайрағочнинг пастида
икки шохчаси бор. Шохларининг барглари бор, касалга даво. Уни эзиб ичилса, ҳар
қандай жонивор ўша замоноқ дард кўрмагандай бўлиб кетади. Мен
болаларимни шу билан даволайман.
Унинг орқасидан бўри
улиб юборибди:
- Оғайнилар, бизнинг ҳам
қизиқ ҳикоямиз бор, - деб бошлабди у, - ўрмон ёқасида ўн
минг қўй боқилади. Ҳар куни иккита бўрдоқини ейман,
мени ушлаш учун чўпонлар қопқон қўйишади, тузоқ
солишади, аммо писанд қилмайман. Ленин қирда Кимсан чол деҳқоннинг
бир кучуги бор. Шу кучукни чўпонлар сотиб олишса борми, - менинг шўрим қурийди.
Йўлбарс унга қўшимча қилибди:
- Рост айтасан. Қўйларга
ўхшаб ўн минг йилқи ҳам ўрмон атрофида ўтлаб юрибди. Мен ҳар
куни ўшаларнинг бировини ейман. Улар орасида бир айғир бор. Кимки ўшани
минса ва бир қўлига қилдан эшилган камон, бир қўлига узун
гаврон олиб, мени қувса, дарров тутади, камонни бўйнимга солиб, гаврон
билан саваласа борми, бир умр йилқилар олдига йўламас эдим.
Йиртқичлар тарқалишибди.
Тўғрибой тандирнинг
ичидан чиқиб, тўғри тулкининг инига борибди. Борса, тулкининг уйида
ҳамма нарса бор экан: гўштлари арқонда осиғлиқ,
хумларда ёғ, қуваларда гуруч.
Тўғрибой пойлаб
турибди. Даканг ҳўрозни кўтариб тулки кириб келибди. Тўғрибой
тулкини хиппа бўғиб ўлдирибди. Шундан кейин тулкининг бутун давлати Тўғрибойга
қолибди.
Тўгрибой шақал айтган
тепаликни қидириб топибди-да сичқоннинг тилларини олиб чўнтагига
солибди.
Кейин айиқ айтган қайрағоч
шохининг баргларини териб олибди.
Ундан кейин қўйчивоннинг
олдига борибди.
- Бугун кечаси яна икки қўйдан
айрилдим, биродар, - деб ҳасрат қилибди қўйчивон. Бўрининг
дастидан қўйларимга омонлик йқў.
- Бўридан қутқарсам
нима берасан, - деб сўрабди Тўғрибой.
- Қирқ қўй
бераман.
Тўғрибой Кимсан чолнинг
кучугини сотиб олиб чўпонга берибди, қўйчивон тинчиб қолибди. Бўри қайтиб
қўйлар ичига аралашмай қўйибди.
Тўғрибой йилқичилар
олдига борибди.
- Тўғрибой, ёрдам
бермасанг, бўлмайди, йўлбарс шўримизни қуритяпти, - дебди улар.
- Ола айғирни эгарлаб, қилдан
эшилган қирқ газ камон билан уч газ гаврон беринглар, - дебда Тўғрибой.
Тўғрибой ола айғирни
миниб, сўқмоқда пойлаб турибди: йўлбарc ўрмондан чиқиб, йилқилар
орасига йўл олибди. Тўғрибой камонни ростлаб туриб, йўлбарснинг бўйнига
солибди-да, гаврон билан ураверибди. Йўлбарс ўлай-ўлай деб зўрға қутулибди.
Тўғрибой ола айғирни
ҳадяга олиб, шаҳарга кириб борибди. Шаҳарда жарчи жар солмоқда
экан:
- Ҳой одамлар ... боғда
битган бодомлар ... қудратли шоҳимизнинг қизлари етти йилдан
буён қаттиқ касал ётибдилар. Кимки маликани даволаса, у киши шоҳимиз
марҳамати билан куёв бўлади... .
Тўғрибой шоҳ
олдига бориб,
- Қизингизни мен
тузатаман, - дебди.
Тўғрибой баргни эзиб, қизга
ичирибди. Қиз ойдай бўлиб тузалиб кетибди. Шоҳ катта тўй қилиб,
қизини Тўғрибойга берибди. Кейин шоҳ Тўғрибойга:
- Куёв, сени қайси шаҳарга
бек қилай? - деб сўрабди.
Куёв:
- Менга беклик тўғри
келмайди. Мен содда ва тўғри одамман. Ўрмон ёқасидаги тепаликдан
бир уй қуришга руҳсат берсангиз бўлгани. Ўша ерда деҳқончилик
қилиб, кун ўтказаман, - деб жавоб берибди.
Тўғрибой ўрмон ёқасида
деҳқончилик қила бошлабди.
Бир куни Эгрибойни кўриб қолибди:
Эгрибой хафа бўлиб унинг отини етаклаб келар экан.
- Тўғрибой, бу иморатни
қандай қилиб қурдинн? Бунча давлатни қаердан орттирдинг?
- деб ҳайрон бўлибди ва у ёқасини ушлаб.
- Мен бўлсам, - деб сўз
бошлабди Эгрибой, - сендан ажраганимдан бери қорним тўймайди.
- Сен алдаб кетганингдан
кейин мана шу йўлдан кетавердим. Ўрмонда бир тандир учради, ичига кириб ётдим, -
деб Тўғрибой бўлган воқеаларни айтиб берибди.
- Хўп, бўлмаса, - дебди кўнгли
қора Эгрибой. Тўғрибой билан ҳайрлашиб ўрмонга жўнабди.
Кеч кирибди. Эгрибой тандир
ичига кириб ётибди.
Йиртқичлар шу кун
кечаси яна йиғилишибди.
- Тулки достончи қани?
- деб сўрабди йўлбарс.
- Тулки ўлди. Мен тилладан
айрилдим, - дебди ҳўрсиниб шақал.
- Садақайрағочнинг
баргидан битта ҳам қолмабди, - дебди айиқ.
- Мен текин овқатдан
айрилдим. Ит менга кун бермайди, - дебди бўри.
- Бу ўтган йиғиндаги ривоятнинг
оқибати - дебди арслоншоҳ. Кейин: - Чақимчи тутиб ўлдирилсин!
- деб буйруқ берибди.
Йиртқичлар: "Ким
чақимчи?" деб ахтаришибди.
Шақал: "Тустовуқ
чақимчи", деса, тустовуқ: "Тандир чақимчи",
деб учиб кетибди.
Йиртқичлар тандирга
ташланибдилар.
Қарасалар тандир ичида
Эгрибой ўтирган эмиш. Йиртқичлар:
- Муттаҳам, қўлга
тушдинг-ку! - деб уни ушлашиб, бурда-бурда қилиб ташлашибди.
ФИЛ БИЛАН ҲЎРОЗ
Бир бор экан, бир йўқ
экан, даканг ҳўроз билан фил бор экан. Кунлардан бир кун даканг ҳўроз
филнинг олдига келиб, қаттиқ қичқирибди:
- Қу-қу-қу-қув!
Фил ҳайрон бўлибди:
"Мунча чиранади бу", деб ўйлабди у.
Ҳўроз ҳаммаёқни
титиб, чўқиб, дон териб еяверибди, яна:
- Қу-қу~қу,
қ-у-в-в! - деб қичқираварибда.
Унинг овозини эшитиб,
"бир ўхшатай буни", деб:
- Ким кўп овқат ейди,
сенми ё менми? - сўрабдн шунда фил.
Ҳўроз:
- Мен кўп ейман! - дебди
чираниб.
Улар: "Ким кўп овқат
еяр экан", деб гаров боғлашибди.
Фил жуда кўп овқат ебди,
кейин тўйиб уйқуга кетибди.
Уйғониб қараса, ҳўроз
ҳали донлаб юрганмиш, фил яна овқат ея бошлабди. Овқатни еб бўлиб,
яна уйқуга кетибди.
Бар вақт уйғониб қараса,
кеч бўлиб қолибди. Ҳўроз бўлса ҳалиям донлаб юрган эмиш.
Дон териб еб, тез-тез:
- Қу-қу-қу!
- дермиш ҳўроз.
- Еб тўймас экан-ку! - дебди
фил ҳайрон бўлиб. - Бунақа жониворни сира кўрган эмасман.
Ҳўроз гаровда ютгач, ўзича:
"Филнинг устига чиқиб бир томоша қилай" - деб ўйлабди.
У пир этиб, учиб, филнинг
устига чиқибди. Филнинг жон-пони чиқиб кетибди.
- Вой-дод! Мени еб қўяди!
- деб қичқирибди-да, шу қочганича ўрмонга кириб кетибди.
Ҳўроз бўлса унинг оркасидан
қараб, қанотларини тапиллатиб:
- Қу-қу-қу-қув!
Мен зўрман! - деб қичқирибди.
ТУЛКИ БИЛАН ТУРНА
Кунлардан бир кун турна билан
тулки дўст бўлишиб, бирга яшай бошлашибди.
Турна бола очибди. Уларни кўз
қорачиғидай асраб, ардоқлабди. Тулки Турнанинг болаларига кўз
олайтириб: "Есанг, маза қиласан-да", дебди ичида.
Бир куни турна билан тулки овқат
излаб уйдан чиқишибди. Турна узоққа, кўлга учиб кетибди.
Тулки бўлса дарров изига қайтибди-да, Турнанинг болаларидан семизгинасини
тутиб еб, қорнини тўйғазиб олибди.
Бир вақт Турна келибди.
Тулки кўз ёши тўкибди:
- Шўримиз қуриди.
Келсам бир боланг йўқ ...
Турна кечаси билан йиғлаб
чиқибди. Тонг отибди. Улар яна овқат излаб кетишибди. Кечқурун
овдан қайтишганда яна турнанинг бир боласи йўқолиб қолибди.
- Буни бақа еган, шу
ерда бақанинг юрганини кўргандим, - деб алдабди тулки.
Эрталаб турна бақадан ўч
олгани кўлга кетибди. У кўлни алғов-далғов қилиб, бақаларни
ин-инларига қувиб юборибди. Кейин уйига келибди. Келиб қараса
охирги боласи ҳам йўқ эмиш.
- Нима бўлди? - дебди турна.
- Уйинг куйди, дебди тулки.
Турна ўзини қўярга жой тополмабди.
Тулки бўлса бир чеккада
жимгина ётган эмиш, у турнанинг ўзини ҳам ейиш пайида экан. Турна:
- Дўстим, бу ерда бизга кун йўқ
экан, юр кетамиз, кўл орқасида овқат мўл, - дебди.
- Кўлдан қандай ўтаман,
менинг қанотим йўқ-ку, - дебди тулки.
- Ўзим кўтариб ўтказаман, -
дебди турна. Бу тулкига маъқул бўлибди.
Турна тулкини кўтариб
баландга учибди.
- Ерни кўраяпсанми? - деб сўрабди
турна.
- Ҳа, муштумдай бўлиб кўриняпти.
Турна яна юқори кўтарилибди.
- Энди-чи?- деб сўрабди у.
- Тангадай бўлиб кўриняпти.
- Яхши, дебди турна ва
чангалини ёзиб, тулкини ташлаб юборибди. - Болаҳўрнинг жазоси - шу!
Тулки ерга тушиб чил-парчин бўлиб
кетибди.
ЧУМЧУҚ
Чумчуқ учиб кетаётиб йўлдан
бир ғўза толиб олибди. У севинганидан ғўзани тишлаб, шошилганича
бир кампирнинг олдига олиб борибди. Ғўзани кампир олдига ташлаб:
- Чув, чий, чий, - дебди.
Кампир ғўзани чивиб берибди.
Чумчуқ пахтани олиб бошқа бир кампир олдига олиб бориб:
- Сава, сав, сав, - дебди.
У кампир саваб берибди. Сўнгра
чумчуқ ола чопон бўзчи дўкони олдига бориб:
- Иг, иг, иг, тўқ, тўқ!
- дебди.
Дўкондор бўзчи йигириб, тўқиб
берибди. Чумчуқ бичиқчи олдига бориб:
- Тик, тик, тик, - дебди.
Бичиқчи уни ўлчаб,
чопон тикиб берибди.
Ана энди Чумчуқбой
чопонни кийиб подшоҳ ўрдасига борибди. Чумчуқ қараса подшоҳ
таҳорат қилаётган экан. Чумчуқ подшоҳнинг орқасига
келиб бир қадам наридан туриб, подшоҳга қараб:
- Менинг тўним чиройли, менинг
тўним чиройли, - дебди.
Шунда подшоҳ ғазабга
келиб:
Бош жаллод келибди. Подшоҳ:
- Ана у фалокат нима деяпти? Ўлдир
уни! - деб бақирибди.
Бош жаллод ҳам қонли
болтасини қучоқлаб, зарб билан урибди. Чумчуқ парр этиб девор
устига қўнибди. Бош жаллод қараса, урган болтаси подшоҳ орқасининг
ярмини кесиб кетибди. Подшоҳ товуш чиқармай ўлибди. Чумчуқ бўлса,
деворда туриб, бу ҳодисани кўриб, димоғи чоғ бўлиб, вақти
хуш бўлиб:
Подшоҳнинг орқаси
чопилди,
Менинг кўнглим очилди.
Подшоҳнинг орқаси
чопилди,
Менинг кўнглим очилди! -
дебди.
Шундай қилиб подшоҳ
ўлиб, чумчуқ муродига етган экан.
ПОДШОҲ ВА ТЎТИ
Бир замонда бир подшоҳ
бор экан, унинг яхши кўрган бир тўтиси бор экан. Подшоҳ тўтисини шундай
яхши кўрар эканки, бир соат кўрмаса туролмас экан. Тўти ҳам подшоҳга
жуда меҳрибон бўлиб ҳар турли ширин сўзлар айтиб, хурсанд қилар
экан. Бир куни тўти подшоҳдан сўрабди:
- Менинг Ҳиндистон
деган юртда отам-онам, ака-укам, опа-сингилларим бор, фалакнинг гардиши билан
сизнинг даргоҳингизга келиб қолган эдим. Шукурлар бўлсин, ақлим,
идроким, яхши хулқим, ширин сўзим орқасида сизнингдай подшоҳга
ҳамнишин бўлдим. Энди сўрайманки, мени қафасдан бир бўшатиб,
йигирма кун жавоб берсангиз, олти кун боришим, олти кун келишимга кетса, бир ҳафта
ота-онам, укаларимни кўриб тўймоғим учун кетар.
Подшоҳ:
- Йўқ, сенга жавоб
берсам, яна келмай қолсанг, мен соғинаман, жуда ҳафа бўламан,
- дебди.
Тўти:
- Йўқ, подшоҳим,
сизнинг менга кўрсатган илтифотингиз мени номаъқул йўлга юбормайди, қандай
бўлса ҳам ваъда деган улуғ нарса бор, бузиш ярамайди. Ваъдани бузмоқ
- ёмон нарса. Сўз бераман, сўзимда тураман, - дебди.
- Ҳўп бўлмаса, агар
тезда келсанг, икки хафтага руҳсат бераман, - дебди подшоҳ.
- Хайр, энди қандай бўлса
ҳам чидай, - деб тўти ўн беш кунга руҳсат олибди. Деворга қўниб
туриб ҳайрлашибди. Жануб томонга қараб учиб кетибди. Подшоҳ
орқасидан қараб қолибди. Подшоҳ тўтининг қайтиб
келишига ишонмас экан.
Тўти олти кун деганда Ҳиндистон
деган мамлакатга бориб, ота-оналарииинг олдига етибди. Бечора тўти жуда хурсанд
бўлиб, тоғдан-тоққа, боқдан-боққа, дарахтдан-дарахтга,
шохдан-шохга сакраб, учиб, ўйнаб-кулиб, ота-онасининг дийдорига тўйди, қариндош-уруғига
меҳмон бўлиб, уч кунни қандай ўтказганини билмай қолди.
Эртаси яна қафас томонга, тутқунликка учмоғи керак экан.
Ота-оналари, ака-укаларидан ажрамоқ жуда оғир бўлибди. Бир тарафда
ваъда бор, ваъдага вафосизлик хавфи туради. Бечора тўтининг қувончи
тугабди. Шодлиги ғамга алмашибди. Қанотлари сўлибди. Иккинчи қайтиб
келиш ё бор, ё йўқ. Қариндош-уруғ бир жойга тўпланибдилар. Ҳаммасининг
кўзи ғамли тўтида экан. Қандай бўлса ҳам қайтармаслик
маслаҳатини беришибди. Тўти айтибди:
- Йўқ, яна қайтмоқ
учун ваъда берганман, ваъдага вафо қилмасам бўладими?!
Бир тўти айтибди:
- Ваъда берган подшоҳингда
инсоф бўлса, сени уч йил қамоқда сақлаб, фақат икки ҳафтага
жавоб берармиди? Сени севар экан, севиклисини қамоқда тутмоқ
ярашадими? Дунёга қафасда турмоқ учун келдингми? Бир кишининг хушвақтлиги
учун эркинликни қўлдан берма! Подшоҳ деганнинг марҳаматидан қаҳри
ортиқдир, подшоҳ билан шерга яқин бўлмок ҳикматдан эмасдир.
Подшоҳнинг тўтиси
айтибди:
- Менга бир йўл кўрсатинг,
мен ҳам эркинликка чиқай, ҳам ваъда ёлғон бўлмасин.
Она тўти айтибди:
- Шундай бўлса, мен бир маслаҳат
бераман. Бизнинг жойда бир дарахтнинг меваси бор, ҳар ким бир донасини
еса, қари чол бўлса, йигитлик ҳолига қайтур. Кампир эса қиз
каби ёш ҳолига келур. Подшоҳга шундан уч донасини олиб боргин, бу
бебаҳо мевани бериб, ўзингнинг бутунлай озод этишигни сўра, шояд инсофга
келиб, бутунлай озод этса, - дебди. Бу гап маъқул тушбди. Шу чоқда
уч дона мева олиб келибдилар. Тўти уни чангалида маҳкам ушлаб ҳайрлашиб,
шимол томонга қараб учибди. Зўр умид билан орқасидан қараб қолибдилар.
Тўти олти кун деганда подшоҳнинг
саройига етиб келибди. Подшоҳ билан кўришиб, олиб келган тортиқни
унга берибди, ҳосиятларини бир-бир айтибди. Подшоҳ жуда хурсанд бўлибди.
Озод қилмоққа ваъда берибди. Бир донасини хотинига бериб, икки
донасини вазирга кўрсатмоқ учун, бир пиёлага солиб қўйибди. Эртасига
вазирга кўрсатиб, ҳосиятларини айтибди. Вазирнинг бунга ҳасади
келибди. Ичида ҳафа бўлибди. Ишни бошқача йўлга бурмоқни иҳтиёр
қилибди.
- Сиз бу парранданинг олиб
келган нарсасини емай туринг, олдин бир тажриба қилиб кўрайлик, дуруст бўлса
емоқ кечмайди, - дебди. Бу гап подшоҳга маъқул тушибди, вазир
вақтини топиб, пиёладаги икки дона ёшартирув мевасига ўткир заҳар аралаштириб
қўйибди. Бир кундан кейин вазир айтибди:
- Энди ёшартирув мевасини бир
тажриба қилайлик. Бунинг учун қамоқхонадан икки нафар одамни
олиб чиқиб едирибдилар. Бу икки одам шу чоқдаёқ ўлибди.
Вазир айтибди:
- Агар сиз есангиз нима бўлар
эдингиз?
- Мен ҳам ўлардим, - дебди
подшоҳ. Бечора тўтини қафасдан судраб олиб чиқиб, калласини
танасидан узиб ташлабдилар.
Бир куни, бир одамни подшо ғазаб
қилиб, уни ўлдирмоқчи бўлибди. Бу киши кекса экан. Қолган бир
дона мевани емоққа буюрибди. Бу одам еган экан, оқарган сочлари
тушиб кетибди, тишлари бутунланиб, кўзларининг нури ортиб, йигирма яшар йигит ҳолига
келиб қолибди. Подшоҳ вазирдан шубҳаланиб, пиёлани олиб келиб
қараган экан, заҳар қўшилгани билинибди. Подшоҳ вазирни
ҳам ўлдириб юборибди. Бечора тўтининг беҳуда ўлганига подшоҳ қайғурибди,
лекин иш ўтган экан. Тўти подшоҳга яқин бўлганининг
"мукофоти"нигина кўрибди.
ОЛТИН ТАРВУЗ
.
Бир бор экан, бир йўқ
экан, ўтган замонда бир камбағал деҳқон бор экан. Унинг атиги
бир танобгина ери бор экан. Деҳқон шу ерда кеча-кундуз тинмай меҳнат
қилиб кун кўрар экан. Баҳор келиб қолибди. Деҳқон
ер ҳайдай бошлабди. Ерни икки марта ҳайдаб бўлиб, яқинидаги
катта сойнинг бўйида салқинлаб ўтирса, осмонда учиб кетаётган бир лайлак
йиқилиб тушибди. Деҳқон қараса, лайлакнинг қаноти
синиқ эмиш. Деҳқон ҳалиги лайлакни дарров уйига олиб
бориб, синиқ қанотига тахтакач боғлаб, бир қанча вақт
уни боқибди. Лайлак соғайиб, учиб кетибди.
Бир кун деҳқон
чигит экиб юрса, лайлак пастлаб учиб ўтибди. Деҳқон эса чигитни
экаверибди. Бироқ лайлак яна пастлаб ўтибди. Шу ўтишда уч дона тарвуз уруғи
ташлаб кетибди.
Бир неча кундан кейин чигит билан
баравар тарвуз уруғи ҳам униб чиқибди. Экинни вақтида ўтабди,
суғорибди, чопибди. Шундай қилиб ҳосилни йиғадиган пайт
ҳам келибди. Бир куни тарвуздан учтасини узиб, уйига олиб кетибди.
Тарвузлар жуда катта экан. Деҳқон ўзининг яқин қариндошларини
ва ошна-оғайниларини меҳмон қилиб чақирибди. Бир маҳал
тарвузга пичоқ урса, пичоқ сира ботмас эмиш. Уни кўриб иккинчисини
сўймоқчи бўлибди, пичоқ ўтмабди, учинчиси ҳам шундай бўлибди.
Деҳқон ҳам, мехмонлар ҳам ҳайрон бўлишибди. Ерга
бир уриб ёриб карасалар, ичи тўла тилла эмиш. Қолган иккитасини ҳам
ёриб кўришибди. Уларнинг ичи ҳам тилла эмиш. Камбағал севиниб
кетиб, ҳаммасини меҳмонларга улашибди, улар ҳам хурсанд бўлиб,
уй-уйларига тарқабдилар. Уч туп тарвузнинг ҳар бири ўнтадан солган
экан. Деҳқон қолган тарвузларни ҳам йиғиб олибди.
Шундай қилиб камбағал деҳқон жуда бойиб кетибди.
Унинг бир бой кўшниси бор
экан. У ҳалиги камбағал деҳқондан: "Сен нима қилиб
бойидинг?" - деб сўрабди.
Деҳқон воқеани
айтибди: "Қўшни, менинг еримни ўзингиз биласиз. Эрта баҳордан
ерни ҳайдашга кирищдим. Бир кун чарчаб, сой бўйида салқинлаб ўтирсам,
осмонда учиб кетаётган бир лайлак йиқилиб тушди. Қарасам бир қаноти
синган экан. Раҳмим келиб, кўтариб уйга олиб келдим. Қанотини таҳтакач
билан боғлаб, дори-дармон билан парвариш қилдим, боқдим.
Лайлак бир неча кундан кейин, чигит экиб юрсам, ҳалиги лайлак тепамдан
учиб ўтди. Ишимни қилавердим. Бир оздан кейин лайлак орқасига қайтди.
Қайтишда пастлаб учиб ерга уч дона тарвуз уруғи ташлаб ўтди. У уруғлар
ердан униб чиқди. Уни ғўзаларим билаи баравар парвариш қилавердим.
Тарвузларни сўйсам, ичидан тилла чиқди. Шундай қилиб бойиб
кетдим", - дебди.
Буни эшитган бой деҳқон:
"Қани энди мен ҳам шундай олтинларни қўлга
киритсам" - деб сойга бориб турибди. Бир вақт бой нарироқда бир
лайлакни кўрибди. У секин бориб, пойлаб туриб лайлакнинг оёғига таёқ
отибди. Лайлакнинг оёғи синиб, учолмай қолибди.
Бой дарров уни тутиб, уйга
олиб келибди, оёғига тахтакач боғлаб, парвариш қилибди. Бир
неча кундан кейин, лайлакнинг оёғи тузалиб учиб кетибди. Бой деҳқон
ҳар куни далага чиқиб, лайлакни кутаверибди. Кунларнинг бирида
унинг тапасидан таниш лайлак ўта туриб икки дона уруғ ташлаб кетибди. Уруғи
кўкариб чиқиб тарвуз солибди. Тарвуз пишиши билан бой деҳқон ҳамма
қариндош-уруғини меҳмонга чақирибди. Тарвузга пичоқ
урган замон ичидан катта-катта қовоқ арилар чиқиб, ўтирганларни
талай бошлабди. Бой тура солиб уларни ҳайдамоқчи бўлганда, арилар
уни боши демай, юзи демай чақиб ташлайверибди. Орадан сал ўтгач, бойнинг
калласи, бурни, лаблари шишиб кетибди. Бунинг аламига чидолмай ўзини каттассувга
ташлаб чўкиб кетибди.
Камбағал деҳқон
ҳалоллик билан муродига етибди, бой деҳқон ўз қилмишига
яраша жазосини тортибди.
КЎРШАПАЛАК
Қадим замонларда ҳайвонлар
билан қушлар орасида жанг бўлибди. Жанг бир неча кун давом этгандан кейин
кўршапалак қараса, қушлар енгиладигандай. Ўзича ўйлабди: ахир мен қуш
эмасман-ку, қушларникидек тумшуғим йўқ, танамни пар эмас, жун
қоплаган. Шундай қилиб, у ҳайвонлар томонига ўтиб олибди ва қушларга
қарши жанг қила бошлабди. Аммо кўп ўтмай урушнинг бориши ўзгарибди,
ҳайвонлар чекина бошлабди. Буни кўрган кўршапалак ўйлабди: мен ҳайвон
эмасман-ку, менинг қанотларим бор, қушларга ўхшаб учиб юраман. Шундан
кейин у қушлар томонга ўтиб олибди. Вақт ўтиши билан маълум бўладики,
ҳайвонлар ҳийла ишлатиб чекинишган эканлар. Қоронғи тушиши
билан улар шиддатли хужум бошлашибди. Ниҳоят, ҳайвонлар подшоси
Арслон қушлар подшоси Бургутга учрашиб, ярашиш ҳақида шартнома
тузишибди. Уруш тугабди, аммо бечора кўршапалак икки юзламачилик қилгани
учун қаттиқ ҳижолат чекибди. У уялганидан нуқул қоронғи
ғорларда яшириниб юрармиш. Шунинг учун ҳам фақат кечаси ташқарига
чиқармиш.
УР ТЎҚМОҚ
Бир бор экан, бир йўқ экан,
бир кампир билан чол бор экан. Улар овчилик билан кун ўтказар эканлар. Бир кун
чол тузоқ пойлаб ўтирган экан, тузоқда катта бир лайлак тушди.
Югуриб бориб лайлакни тузоқдан чиқарган эди, лайлак одамдек сузламоққа
бошлади:
- Чол, мен лайлакларнинг
бошлиғиман, мени қўйиб юбор, нима тиласанг шуни бераман. Менинг
маконим шу қаршидаги тоғнинг орқасида. "Лайлаквойнинг
уйи қайда?" десанг ҳамма айтиб беради, -деди.
Чол лайлакни қўйиб
юборди. Эртасига эрталаб туриб, Лайлаквойнвнг совғасини олиб келиш учун йўлга
тущди. Юриб, юриб бир жойга бориб етди. Қўй боқиб юрган чўпонлардан:
- Бу қўйлар кимнинг қўйи?
- деб сўради.
- Бу қўйлар Лайлаквойнинг
қўйи, - деб чўпон чолни йўлга солиб юборди.
Бир жойга бориб йилқи ҳайдаб
юрган йилқичидан:
- Бу йилқилар кимники?
- деб сўради чол. Йилқичи:
- Лайлаквойники, - деди.
- Лайлаквой менга совға
ваъда қилган эди, нима сўрай? -деган эди, йилқичи бундай деди:
- Лайлаквойнинг бир ҳумчаси
бор, "Қайна ҳумча", деса тилла қайнаб чиқади.
Шу ҳумчани сўра, - деди.
Чол оз юриб, кўп юриб, кўп
юрса ҳам чўл юриб, етти кечаю, етти кундуз деганда Лайлаквойнинг уйига
бориб етди. Эшикдан кириб:
- Ассалому алайкум, - деди.
Лайлаквой:
- Ҳақ саломинг бўлмаса,
таъзирингни берардим. Сен совға учун келган бўлсанг керак, қани, нима
сўрайсан? - деди.
- Мен сиздан: "Қайна,
ҳумча" ни сўрайман, - деди чол. Лайлаквой ўйлаб қолди:
- Чол, сенга бир товоқ тилла
берай, - деса ҳам чол кўнмади.
Ахир "Қайна, ҳумча"ни
беришга рози бўлди. Чол "Қайна, ҳумча" ни олиб уйига жўнабди.
Йўл юриб, чўл юриб, бир жойга етди. Дам олиш учун ўтирибди. Қишлоқнинг
болаларига қараб:
- Ўғилларим, мана бу ҳумчага
қараб туринглар, мен бир оз мизғиб олай, фақат "Қайна
ҳумча" деманглар, - деб тайинлаб кетди.
Болалар, "Қайна, ҳумча"
деб бақиришган экан, ҳумнинг ичидан тилла қайнаб чиқибди,
шошиб-пишиб, болалар тиллаларни йиғиб олиб, ҳумни уйларига олиб кириб,
бекитиб қўйдилар. "Қайна, ҳумча" нинг ўрнига бошқа
бир ҳумчани олиб келиб ўтирдилар. Чол уйқудан туриб ҳумчани
олиб жўнади. Етти кеча-етти кундуз йўл юриб, уйига етиб келди.
- Қани кампир, дастурхонни
ёз, ҳозир тиллага бой бўламиз, -деди. Кампир дастурхонни ёзди, дастурхоннинг
ўртасига ҳумчани қўйиб, чол бор кучи билан "Қайна, ҳумча"
деб бақирди. Ҳумчадан тилла қайнаб чиқмади. Чол яна бақирди,
тилла қайнамади. Чолнинг жаҳли чиқиб: "Ҳа, Лайлаквой,
алдаб бошқа ҳумча берибди. Мен эртага бориб бошқа совға
сўрайман", - деб қўйди.
Эртасига саҳарлаб чол йўлга
чиқди. Йилқичининг олдига бориб: - Лайлаквой мени алдади, энди нима
совға сўрай? - деди. Йилқичи ўйлаб туриб:
- "Очил дастурхон" ни
сўранг. Дастурхонни ёзиб, "Очил дастурхон" десангиз ҳар хил
таомлар тайёр бўлади, - деди.
Чол лайлаквойнинг эшигидан
кириб:
- Ассалому алайкум, - деди.
Лайлаквой:
- Ҳақ саломинг бўлмаса,
таъзирингни берардим. Ўтган гал сенга "Қайна, ҳумча" ни
берган эдим, кўнглинг тўлмадими? - деди. Чол ҳамма воқеани айтиб:
- Мени алдадинг, "Қайна
ҳумча" нинг ўрнига бошқа ҳумча берибсан, энди сендан
"Очил дастурхон" ни сўрагани келдим, - деди.
Лайлаквой ўйлаб қолди.
"Очил дастурхон" ни чолга совға қилди. Чол йўлга тушди.
Оз юриб, кўп юриб, ўтган гал дам олган қишлоққа бориб етиб, ўзи
таниш бўлиб қолган болаларни кўрди.
- Ўғилларим, мана шу
дастурхонни ушлаб ўтиринг, мен бир оз мизғиб олай, фақат "Очил
дастурхон" деманглар деди. Чол уйқуга кетгандан кейин болалар:
"Очил дастурхон" деб бақирган эдилар етти хил таом тайёр бўлди.
Болалар таомларни ўраб, дастурхонни уйларига олиб кириб, ўрнига бошқа
дастурхон олиб чиқиб ўтирдилар. Чол уйқудан туриб дастурхонни олиб,
йўлга тушди. Уйига келиб:
- Кампир нима таом десанг, ҳозир
тайёр бўлади, - деб дастурхонни ёзди. "Очил дастурхон" – деган эди, ҳеч
қандай таом чиқмади. Чолнинг жони чиқиб, - Лайлаквой мени
иккинчи марта алдади, эртага бориб бошқа бир совға сўрай, - деди.
Эртаси саҳарлаб чол йўлга
чиқди. Йилқичининг олдига бориб:
- Энди Лайлаквойдан нима сўрай?
- деди.
- Энди Лайлаквойдан "Ур,
тўқмоқ" ни сўранг, душманингиз кўпга ўхшайдм. Агар "Ур, тўқмоқ"
десангиз олдингизда ким бўлса, уриб ташлайди, - деди йилқичи.
Чол йўлга тущди, эшикдан:
- Ассалому алайкум, - деб
кирди. Лайлаквой:
- Ҳақ саломинг бўлмаса,
таъзирингни берардим. Яна нима учун келдинг? "Қайна, ҳумча"
ни олдинг, "Очил дастурхон" ни олдинг, яна нима керак? - деди.
- Мени бу гал ҳам
алдадинг Лайлаквой! "Очил дастурхон" ўрнига бошқа дастурхон берибсан.
Энди сендан бир нарса сўрайман.
Менга "Ур, тўқмоқ"
ни бер - деди. Лайлаквой чолга "Ур, тўқмоқ" ни ҳадя
қилди.
Чол "Ур, тўқмоқ"
ни олиб йўлга тушди. Оз юриб, кўп юриб аввалги ўзи билган қишлоққа
бориб етди. Таниш болаларни чақирди.
- Ўғилларим, мана бу тўқмоқни
ушлаб туринг, мен бир мизғиб олай. Фақат "Ур тўқмоқ"
деб гапирманглар - деди.
Чол уйқуга кетганидан сўнг
болалар қизишиб, "Ур, тўқмоқ" деб бақиришган
эди, тўқмоқ ҳаммасини ура бошлади. Болаларнинг бақиргани
учун чол уйғониб кетди. Болалар бўлча йиғлашиб:
- Чол ота, тўқмоқни
тўхтатинг, биз сизнинг ҳумчангизни, дастурхонингизни олиб, ўрнига бошқа
ҳумча, бошқа дастурхон қўйган эдик. Тавба қилдик, ота! Тўқмоқни
тўхтатинг, дейишди. Чол: "Тур, тўқмоқ!" деб бақирган
эди, тўқмоқ урушдан тўхтади. Болалар югуриб бориб, уйларидан "Қайна,
ҳумча" билан "Очил дастурхон" ни чиқариб бердилар.
Чол йўлга тущди. Оз юриб, кўп юриб, кўп юрса ҳам мўл юриб, кўл демай, чўл
демай етти кеча-етти кундузда уйига бориб етди.
Уйига бориб: "Қайна,
ҳумча" деган эди, ҳумчадан тилла қайнаб чиқди. "Очил
дастурхон!" деган эди, ҳар хил таомлар муҳайё бўлди. Умрларида
кўрмаган таомларни еб, чол билан кампир хурсанд бўлдилар.
Тиллаларга чол яхши уй солдирди
ва хонни уйига меҳмонга чақирди. Хон бўлса: "Мен хон бўлсаму, ўша
камбағал, қашшоқ чолнинг уйига меҳмондорчиликка бораманми"
деб бормади.
Чолнинг жаҳли чиқиб,
хонни уришга чақирди. Эртасига хон етти минг аскарни тайёрлаб, чолнинг уйи
олдига тизиб:
- Қани, чол, жонинг бўлса
уришга чиқ! - деди. Чол эшикдан чиқиб тўқмоққа қараб:
- Ур, тўқмоқ! - деб
бақирган эди, тўқмоқ ҳамма аскарларни биттадан уриб ётқизиб
қўйди. Охирида тўқмоқ хонни ура бошлади.
Хон жон ҳолатда:
- Чол, тўқмоғингни
тўхтат?, сен енгдинг, мени ўлимдан олиб қол, юртга сен хоким бўлақол!
- деди.
Чол тўқмоқни тўхтатди.
Ўзи юртга хоким бўлди. Муроди мақсадига етди.
ЎТИНЧИ
ЙИГИТ ВА
ШЕР
Бир йигит далага ўтин тергани
чиқибди. Бир дарахтнинг ёнига келиб уни йиқитмоқчи бўлибди. Шу
вақт бир шер келиб қолибди:
- Эй одамизод, нимага
келдинг, бу ерда нима ишинг бор? - дебди.
Йигит айтибди:
- Мана шу теракни қулатаман.
Шер:
- Мен шундай кучим билан
теракни қулата олмайман-ку; сен қандай қилиб қулатасан?
- дебди.
Йигит шерга қараб:
- Эй жўра, мен жуда зўрман! -
дебди. Шер йигитга қараб:
- Сен зўр бўлсанг, кел икковимиз
курашиб кучимизни синашамиз! - дебди.
Йигит: "Майли курашамиз"
дебди. Иккови энди курашмоқчи бўлиб турганида йигит айтибди:
- Кучимнинг ярми уйда қолибди,
бориб олиб келай.
Шер кўнибди.
- Ҳа, бориб кел. Бўлмаса
йиқилгудай бўлсанг кучим уйда қолган эди, деб тан бермай юрарсан, -
дебди.
Йигит кучини олиб келмоқчи
бўлиб кетиб, бир жойда кўринмай беркиниб туриб, яна қайтиб келибди. Шер
унга қараб:
- Олиб келдингми? - дебди.
- Олиб келдим, - дебди йигит.
- Ундай бўлса қани
курашайлик! - дебди шер.
Энди улар курашмоқчи бўлиб
туришганида йигит:
- Эй, шер, жўра кучимнинг тағин
пича қисми уйда қолибди. Олиб келай? - деб кетиб, йўлдан қайтиб
келиб:
- Сен қочиб кетма! - дебди.
Шер унга:
- Йўқ қочмайман,
шернинг гапи бир, - дебди.
Йигит:
- Йўқ, сенга кўнглим ишонмайди,
сени боғлаб кетаман, - дебди.
Шер: "Боғлайқол!"
деб ўзинй боғлатибди. Йигит шерни маҳкам боғлабди. Толдан
яхши бир таёқ қилиб олиб келиб гурсиллатиб шерни ура бошлабди.
Шернинг: "Жон одамзод,
мени урманг, энди одамзодга йўлиқмайман!" деб ялинганига ҳам қарамай
ураверибди.
Шу пайт бир йўлбарс келиб қолибди.
Йигит йўлбарсдан қўрқиб, терак бошига чиқиб кетибди. Йўлбарс
шернинг боғланиб ётганини кўриб:
- Эй, шер, шунча кучинг билан
нимага ўзингни одамзодга урдирасан? - дебди. Шер йулбарсга қараб жон ҳолатда
айтармиш:
- Эсинг бўлса одамзодга йўлиқма.
Қоч бу ердан! Сени ҳам ушлаб боғлаб уради!
Йўлбарс шердан бу гапни эшитиши
билан орқасига қарамай қочиб кетибди. Йигит терак устидан
тушиб, шерни бўшатиб юборибди. Теракни қулатиб, арралаб уйига олиб бориб,
мурод мақсадига етибди.
ЯХШИЛИККА
ЯХШИЛИК
Қадим замонларда,
баланд тоғ этакларида бир чолу кампир яшар экан. Чол билан кампир аҳил,
бир-бирларига меҳрибон эканлар.
Қишнинг совуқ кунларидан
бирида чол ўтин кесиб келгани тоғ ўрмонига борадиган бўлибди.
- Мендан асло ҳавотирланма,
шу вақтгача қилиб юрган ишим, бориб юрган жойим, - дебди чол йўлга
кетаётиб.
Чол ўзига керагича ўтин
тайёрлабди, боғлаб, орқалаб кўтариб келаётганида, теварак-атрофда
бировнинг инграган овози эшитилибди. Чол тўхтаб, ўтинини ерга қўйиб, синчиклаб
қараса, бир турна тўрга илиниб қолган, ундан чиқаолмай, қийналаётган
экан.
- Бечора, жонинг азобда қолибди-ку!
- деб чол дарҳол турнага ёрдам қилишга шошилибди. - Ҳозир сени
қутқараман бу азобдан! Чол турнанинг қанотларини, оёқларини
тўр ипларидан бўшатиб олибди.
Тўрдан қутилган турна
худди "Сенга раҳмат" дегандек қанотларини енгил тебратиб,
чолга қайрилиб қарай-қарай учиб кетибди.
Чол ўз ишдан мамнун бўлиб
уйига қайтибди. Чол билан кампир олов ёқишиб, овқат пишириб
ейишиб, суҳбатлашиб ўтиришган экан, шу вақт эшик тақиллаб қолибди.
Шу маҳалда келган ким бўлди экан, деб чол эшикни очса, эшик остонасида қош-киприкларигача
қор босган бир қиз турган эмиш. Қиз чолга одоб билан салом
берганидан кейин:
- Адашиб колдим, Отажон, бир
кеча тунаб кетишга жой беролмайсизми, совуққотиб қолдим, - дебди
қиз. Чол қизни уйга олиб кирибди. Қизнинг аҳволини кўрган
кампир ҳам ачиниб: "Вой шўримей, жонинг азобда қолибди-ку"
дебди кампир, ўтқазиб иссиқ-иссиқ чой берибди, овқатлантирибди.
Қиз исиниб, бироз ўзига
келганидан кейин кампирга қараб:
- Онажон бирор юмушингиз
борми, менга иш буюринг, - дебди.
Қизнинг меҳнатсеварлиги,
чаққонлиги кампирга ёқиб қолибди.
- Исминг нима, яхши қиз?
- деб сўрабди кампир.
- Менииг исмим Оққуру,
Оққуру Турнажон, - дебди қиз.
- Чиройли исминг бор экан. Қизим,
очиғини айта қолайлик. бизнинг фарзандимиз йўқ, дунёдан шундай
ўтиб кетаяпмиз. Бизга фарзанд бўлиб қолақол, Оққуру Турнажон!
- деб илтижо қилишибди эру хотин.
- Мен ҳам ёлғизман,
Сизлар билан жон деб қолардим. Мен сизларнинг қилган яхшилигингизга
яхшилик билан жавоб қилмоқчиман, - деб жавоб берибди Оққуру
Турнажон. Кейин уй ишларига қарашиб, югуриб-елиб ишлаб кетибди.
Эртаси кун Оққуру
Турнажон чойдан кейин чол билан кампирга қараб шундай дебди:
- Мен сизларга бир гилам тўқиб
бераман. Фақат бир шартим бор, мен ишлаб турган хонага ҳеч ким кирмаслиги
керак.
Қиз ишга киришибди. Чол
билан кампир Оққуру Турнажон ишлаётган хонага кирмабдилар. Фақат
эшикдан қулоқ солган кишига ичкаридан "шит-шит" деган
товуш эшитиларкан холос. Қиз шу куни ташқарига чиқмабди, эртаси
куни ҳам ташқарига чиқмабди. Учинчи куни Оққуру
Турнажон хонадан чикибди, қўлида бир ўралган гилам эмиш. Қиз гиламни
чол билан кампирга узатибди. Улар дарҳол гиламни ерга ёзиб кўрибдилар: не
кўз билан кўришсинки, жуда чиройли гилам эмиш.
- Вой бўй, мунча чиройлик
гилам экан, - қойил қолишибди чолу кампир, - қизалоғим
кўзларинг ҳам қизариб кетибди, қаттиқ меҳнат қилибсан,
умрингдан барака топ! - дейишибди миннатдор бўлиб.
Шу қишлоқда бир Бобошер
деган киши бўлар экан, у уйма-уй айланиб юриб, сотиладиган нарсаларни йиғиб
юраркан. Бир куни Бобошер кириб келиб қолибди. У чолга қараб
сотиладиган матоинглар йўқми? - деб сўраган экан, кампир дарров чолга:
- Оққуру Турнажон
тўқиб берган гиламни сотақолайлик! - дебди. Чол ҳам унинг гапига
кириб, Бобошерга Оққуру Турнажон берган гўзал гиламни кўрсатишибди.
- Мен шунча ёшга кириб, шунча
юртларни айланиб юриб бунақанги гўзал гиламни кўрган эмасман, - дебди
Бобошер, -бунинг ялтирашини қара, пишиқ-пухта тўқилганини қара!
- дебди Бобошер. Ва ниҳоят:
- Мен бу гиламдан тилло-кумушларимни
аямайман! - дебди-ю халтасидаги бор тиллаларни тўкиб солибди.
Умрида бунчалик пул-давлатни кўрмаган
чолу кампир гиламни сотиб, пулини харажат қилиб келишиб, кўп вақтгача
яхши яшашибди, Оққуру Турнажонни дуо қилишиб юрибди.
Қиш кетиб, баҳор келибди,
кунлар исиб, далаларга қўш чиқиб, ҳаммаёқ майсалар
билан кўм-кўк бўлганида Бобошер яна келибди.
- Эй, нимасини айтасан, сенлардан
олган гиламнинг довруғи мамлакатнинг подшосигача етиб борибди. Менга тез
ана шу гиламдан топиб бер, деб қўймаяпти. Тезда тўқиб бермасанг бўлмайди,
- дебди.
Чол билан кампир "Хўп"
дейишибди. Бобошер яна келишини айтиб кетибди. Чол яна ўтин тергани, Турнани учратган
жойга бориб ўлтирибди, "Турнажон, Оққуру Турнажон, келақол,
бизга гилам тўқиб берақол" деб илтижо қилиб ўтираверибди.
Бир куни турна учиб келибди, пастлаб учиб ўтаётиб: "Отажон, уйингга
боравер, яхшиликка яхшилик, гилам тўқиб бераман", деб кетибди.
Чол уйига келса. турна уйга
келиб гилам тўқиётган эмиш. Чолни хотини ичкари уйга киргизмабди,
"Турнажон ҳеч кимни киргизманг", деган эмиш. Чол севинибди,
эшигининг олдида хурсанд бўлиб ўтираверибди.
Бир кун ўтибди, турна уйдан чиқмабди,
икки кун ўтибди, чиқмабди, униачи кун ҳовлиқиб Бобошер келиб қолибди,
"Гилам нима бўлди, подшо мени қистаяпти!" деб югурганича турна ўлтирган
уйнинг эшигини очиб кириб кетибди ... . Чол билан кампир: "Йўқ, тўқиб
бўлгани йўқ, хонага кириш мумкин эмас!" дейишганича зор қақшаб
қолаверишибди ... .
- Ие турна тўқияпти-ку!
- деб қичқириб юборибди Бобошер савдогар. Чол билан кампир бор кучи
билан савдогар Бобошерни уйдан чиқариб юборишибди. Қарашса турна
бечора қанотларини кенг ёйиб олиб, тумшуғи билан қанотлари
ичидан майин патларини териб олиб, шу нозик патларидан гилам тўқиётган экан
... . Патларини ҳар гал юлиб олаётганида "ширт-ширт'' чиқаётган
шунинг товуши экан. Чол билан кампир шошиб-пишиб эшикни ёпиб, ҳеч ким
кирмасин деб ўлтириб олишибди.
Шу куни кечгача ўлтиришибди, турна чиқмабди, эртаси кечгача кутишибди,
турна чиқмабди. Ичкаридан "ширт-ширт" деган овоз ҳам келмасмиш.
Чол билан кампир "Нима гап ўзи?" деб аста эшикнинг тирқишидан қарашса
хонада ҳеч ким йўқ, эшикни очиб киришса дераза ланг очилиб қолибди.
Уйнинг ичида дастгоҳ устида қиз тўқиётган гилам чала ётган эмиш,
ҳамма ёқда турна патлари тўзғиб ётганмиш... .
Шу вақт қишлоқ
болалари:
- Турна, турна, деб қичқириб
қолишибди. Чол билан кампир эшикка чиқиб қарашса, ўша Оққуру
Турнажон, патлари юлинган, осмонда пастлаб учиб, бир икки айланиб уй билан ҳайрлашгандек,
аста қанот қоқиб осмонга учиб кетибди.
- Бу ўша турна, ўша турна! -
деб танибди чол.
Кейин тушунишса, ўша турна
чолнинг қилган яхшилигини қайтариш учун, қиз бола бўлиб
келиб, уйида гилам тўқиб бериб кетган экан.
- Турнажон, Оққуру,
омон бўлгин! - деб қўл силтаб ҳайрлашиб қолишибди чол билан
кампир.
ҚАРҒАВОЙ
Бир бор экан, бир йўқ
экан, кап-катта очкўз Қарғавой бор экан. Кунлардан бир кун Қарғавойнинг
ови барор олмай, қорни очди. У ов қидириб, кўп сарсон бўлди.
Юраверди, юраверди, учаверди,
учаверди. Энг охири денгиз лабига бориб қолди.
Денгиз бўйида баррагина, бир Қўзичоқ
ўтлаб юрар эди.
Қарға учиб бориб,
қўзичоқнинг қоқ белига қўнди.
- Кишт! - деди Қўзичоқ.
- Қор, қор! - деди
Қарғавой, - қўзичоқ мен сени ейман.
Қўзичоқ қўрқиб
кетди. У ингичка овози билан маъраб:
- Маaa-aан ҳали ёшман. Раҳм
қил. Маaa-ни ема – деди.
Қарға бўлса яна қаттиқроқ
қағиллаб деди:
- Қоo-о-ррр, қо-о-о-ррр.
Қарға ёш ва барра қўзиларни яхши кўради. Мен сени ейман!
Қўзичоқ нима қилишини
билмай қолди. Бирдан илжайиб деди:
- Майли, Қарғавой,
мен рози.
- Жуда соз!
Қарғавой Қўзичоқни
емоқчи бўлиб, оғзини очди.
- Тўхтаб тур! - деди Қўзичоқ,
- овқат ейишдан олдин қўлингни юв, оғзингни чайқа!
- Нима учун?
- Тоза бўласан.
- Хўп - деди Қарға.
Қарғавой учиб, денгизга борди.
- Қоo-о-ррр, қо-о-о-ррр!
Денгиз, денгиз!!!
- Лаббай!
- Менга сув бер!
- Нима учун?
- Оғзимни чайқаб,
барра Қўзичоқни мазза қилиб ейман! Денгиз жавоб берди:
- Яхши, бор, Кулолдан кўза келтир.
Қарға тезликда Кулолга
чопди.
Кулол лой пишитиб ўтирар эди.
- Қо-о-ррр,
қо-о-ррр.! Кулол, кулол! деди Қарғавой, хунук овозини баланд қўйиб.
- Менга кўза бер, кўзани денгизга элтаман, денгиз менга сув беради, сувга оғзимни
чайқайман, сўнгра баррагина Қўзичоқни мазза қилиб ейман.
Кулол жавоб берди:
- Хўп, Қарғавой. Лекин, менга Тупроққўрғондан
тупроқ келтиргин, кўза ясаб бераман.
Қарғавой ҳаллослаб,
Тупроққўрғонга борди.
- Қор-рр, қор-рр!
Қўрғон, Қўрғон! Менга тупроқ бер, тупроқни Кулолга
элтаман, Кулол кўза ясаб беради, кўзани денгизга элтаман, денгиз менга сув
беради, сув билан оғзимни чайқайман, сўнгра барра Қўзичоқни
мазза қилиб ейман.
Қўрғон деди:
- Сендан ҳар қанча
тупроқни аямайман. Темирчига бориб, теша келтиргин!
Қарға суюниб:
"иш ўнгидан келаяпти" деди. У тўғри Темирчининг олдига бориб:
- Темирчи амаки! Ҳо, темирчи
амаки! - деди Қарғавой, - менга теша беринг, тешани қўрғонга
элтаман, қўрғон менга тупроқ беради, тупроқни Кулолга элтаман,
Кулол кўза ясаб беради, кўзани денгизга элтаман, денгиз сув беради, сувга оғзимни
чайқайман, кейин барра Қўзичоқни мазза қилиб ейман.
Бу гапни эшитиб Темирчининг энсаси
қотди.
- Олов келтир, тешани ўтга солиб,
пешлаб бераман, - деди у.
- Хўп!
Қарға олов
ахтариб кетди.
Бир Кампир чавати пишириб ўтирар
эди.
- Қоo-о-ррр, қо-о-о-ррр!
Кампир она, менга олов бер, - деди Қарға учиб келиб, - оловни Темирчига
элтаман, Темирчи теша ясаб беради, теша билан Тупроққўрғонга бораман,
у тупроқ беради, тупроқни Кулолга элтаман, кўза ясаб беради, кўзани
денгизга элтаман, сув беради, сувга оғзимни чайқайман, кейин барра Қўзичоқни
мазза қилиб ейман.
Кампир ўзича ўйлади:
"Майли олов берай, бир куйиб ўлсин!"
- Ола қол.
Қарға қўлига
бир сиқим кул олиб, оловни унинг устига қўйдида, тез учиб кетди.
Кампир нима қиларини билмай, ҳайрон бўлиб қолаверди.
Қарға Темирчига бориб
оловни берди, Темирчи Қарғавой кўтара олмасин деб, теша ўрнига
кетмон ясаб берди. Қарға кетмонни зўрға кўтариб Тупроққўрғонга
борди, қўрғон кўп тупроқ берди, тупроқни Кулолга элтди,
Кулол бесўнақай кўза ясаб берди, кўзани ўла-тирила кўтариб, денгизга
борди ва деди:
- Кўза келтирдим, сув бер!
- Ола қол!
Қарға жуда чарчаган
эди. У, кўза денгизга тушиб кетмасин, деб уни думига боғлаб олди-да сувга
солди. Кўзага сув тўла бошлади. У борган сари оғирлашаверди. Очкўз Қарғавой
бира-тўла кўпроқ сув ғамламоқчи бўлди.
Кўза тўлди. Қарғавой
уни кўтариб учиш учун қанотларини ёзди, оёқларини кўтарди, лекин уни
кўтара олмай, тойғаниб кетиб, денгизга қулади. Минг талпиниб қанот
ёзса ҳам бўлмади, чўкиб кетди.
Буни кўрган Қўзичоқ
тумшуғини осмонга кўтариб, кулиб қўйди.
ДУМСИЗ ТУЛКИЛАР
Қишлоқ яқинидаги
қамишзорда бир тўда тулкилар яшар экан. Улар орасида бароқёл деган
шум тулки бор экан.
Ёз кунларининг бирида у
шерикларига билдирмай қишлоққа борибди.
Тонг пайти, ҳамма ширин
уйқуда экан. Бароқёл секингина боққа кирибди. Ишкомларда
ҳусайни узумлар олтиндай товланиб пишиб ётган экан. Очкўз тулки узумларни
уза бошлабди. Шунча узум узибдики, уни кўтариб ҳам кета олмас экан, еб ҳам
тамом қилиб бўлмас экан.
Нонуштага узум узгани кирган
боғбон тулкини кўриб қолибди:
- Вой-бўй, узумни роса қийратибди-ку!
- деб куюниб кетибди у.
Тутоқиб кетибди, роса
аччиғланибди, лекин тулкига қараб бақирмабди, чопқисини
ушлаб, аста тулкига яқин келибди.
Тулки узумларни шунча ҳафсала
билан тиришиб узар эканки, боғбоннинг яқин келиб қолганини
сезмай қолибди.
Боғбон тулкининг думини
маҳкам ушлаб, чопқиси билан шартта кесиб олибди.
- Ванг-ванг-ванг!!! - деб ғингшибди
тулки ва жон аччиғида боғдан чиқиб қочибди, уйига
етганини ҳам билмай қолибди.
Тулкининг шериклари ичаклари узулгунча
кулишибди:
- Вой думсиз Бароқёл-ей!
- Вой шарманда-ей!
Бароқёлга бу гаплар ҳам
алам қилибди. Бир чеккага бориб йиғлаб олибди. Кейин: "Нима қилсам
экан, мени масхара қилавериб ўлдирсалар керак. Уларни ҳам шу балога
йўлиқтирмасам бўлмас" деб ўйлабди.
У тулкилар олдига бориб қаттиқ
аксирибди, шунда бурнидан бир дона хусайни узум чиқиб тулкиларнинг олдига
бориб тушибди. Тулкилар узум донасига ташланибдилар. Бир қур жанжал ҳам
бўлибди. Шу чоқ айёр Бароқёл яна бир аксирган экан: бурнининг иккинчи
тешигидан яна бир узум донаси отилиб чиқиб қўлига тушибди. У узумни
ғиз-ғиз қилиб: - узумни кўп еганимдан бурнимдан чиқиб
кетаяпти, - дебди. Узумларни ўзи атайин бурнига тиқиб қўйган экан.
- Узум егиларинг келдими?
Юринглар олиб бораман...
-
Ҳа, узум егимиз келди, юр, олиб бор, - деб шовқин солишибди тулкилар.
Улар
қишлоққа кириб борибдилар. Тонг отар пайти экан. Тулкилар
пишиб шарбатга айланган узумларни кўриб, ўзларини йўқотиб қўйибдилар.
Маза қилиб узум ебдилар.
Айёр
Бароқёл тулкиларнинг думларини бирма-бир ток зангларга боғлаб чиқибди.
Тулкилар узумлар ейиш билан банд бўлиб, буни сезмабдилар. Кейин Бароқёл
тулкилар орасидан секингина нари кетибди-да девор устига чиқиб олиб, бор
товуши билан: - Ўғри кетди, - деб қичқирибди.
Бу
чоқ тонг отиб қолган экан.
Боғбон,
қўни-қўшнилар, бола-чақалар қўлларига калтак олиб, ўғриларни
тутгани югуришибди. Буни кўрган тулкиларнинг юраклари қинларидан чиқиб
кетаёзибди. Улар ҳеч кимга қарамасдан, додлаб қоча
бошлабдилар. Шундай қўрқиб кетибдиларки, думлари юлиниб, токларга
илиниб қолибди, қўрққанларидан оғриқни ҳам
сезмабдилар.
Тулкилар
бир зумда уйларига етиб келишибди. Ҳаммалари думсиз экан. Энди Бароқёлдан
кулишмайдиган бўлибдилар.
Боғбон
бўлса қийратилган узумларни кўриб: - Вой, аттанг! - деб ачинибди.
Лекин
тулкиларнинг юлиниб қолган думларини кўриб севиниб кетибди:
-
Мана бунисига қойилман! Узумларни ебдилар-у, ҳақини қолдирибдилар.
Мана булардан ўғилу-қизларимга иссиқ телпак тикиб бераман, -
дебди у.
Боғбон
тулкиларнинг думларини йиғиб олибди.
ДОНИШМАНД ЙИГИТ
Қадим
замонларда бир Подшо ўтган экан. Подшо ҳукм чиқаришда гуноҳкор
ва гуноҳсизларни чек ташлаш йўли билан аниқлар экан. Гуноҳкор
деб топилган одамни Подшо ўз олдига чақириб бир қутини кўрсатар
экан. Унинг ичида иккита қоғозга, бирига "ўлим", иккинчисига
эса "озодлик" деган сўзлар ёзилган экан. Гуноҳкор қай даражада
бўлишидан қатъий назар, шу коғозлардан биттасини олар ва унда
ёзилган ҳукм ижро этилар экан. "Озодлик" деган қоғозни
олса, озод бўлар экан. "Ўлим" деган қоғозни олса, ўлимга ҳукм
килинар экан.
Кунлардан
бир куни ҳасадгўйлардан бир нечтаси тўпланиб, бир донишманд йигитни Подшога
гуноҳкор қилиб кўрсатишибди. У йигитнинг душманлари қутидаги
иккала қоғозга ҳам "ўлим" деган сўзни ёзиб, солиб қўйган
эканлар. Бу сир-асрордан донишманд йигитнинг дўстлари ҳабардор бўлиб қолишибди
ва йигитни огоҳлантиришибди.
Подшо
одати бўйича гуноҳкорларни чақириб, қутидаги қоғозлардан
бирини олишни буюрибди. Донишманд эса, қоғозлардан бирини қўлига
олибди-ю, ютиб юборибди. Подшо эса қутидаги қолган қоғоз
орқали ҳукмни билишга қизиқиб, қутини очиб қараса,
унда... "ўлим" деган сўз ҳукмли қоғоз қолибди.
Подшо
йигит ютган қоғозда "озодлик" деган ҳукм бўлса
керак, деб гуноҳсиз донишмандни озод қилиб юборибди. Донишманд шундай
қилиб ақл-заковат билан ўлимдан қутилиб қолган экан.
МАҚТАНЧОҚ ҚУЁН
Кунлардан
бир кун жиккакина ола Қуён шерикларига:
-
Бўридан қўрқмайман, Тулкини бир пуфлаб осмонга учириб юбораман, -
деб чиранибди.
Ҳамма
унинг мардлигига қойил қолиб, ёқа ушлаб турганида, бирдан Бўри
келиб қолибди.
-
Ҳап, - деб Қуёнларга ташланибди у.
Ола
Қуён ҳаммадан олдин ўзини эшикка урибди. Бўри унинг йўлини тўсибди.
Шу онда ола Қуён ўлар-тириларига қарамай бир сакраган экан, Бўрининг
бошига чиқиб қолибди. Буни тум-тарақай қочаётган Қуёнларнинг
ҳаммаси кўрибди. Бўри эса ола Қуённи ирғитиб юборибди. Ола Қуён
зўрға қутилиб, бир неча вақт нафасини ростлолмай чангалзорда
ётибди.
У
кеч кирганда уйга кириб борибди.
-
Ҳайрият, омон экансан. Бўрига ем бўлгансан деб ўйлаган эдик, - дейишибди қуёнлар.
-
Бее-е, - дебди ола Қуён сир бой бермай ва мақтаниб кетибди: - Ем бўлиб
бўбман! Бошига чиқиб бир тепдим! - тил тортмай ўлиб қолди! Терисини
шилиб олдим.
Ола
Қуён ўртага чиқиб, Бўрининг терисини қандай шилганини мақтаниб
сўзлаб кетибди.
-
Раҳмат сенга, ола Қуён, Бўридан қутилибмиз, - дебди Қуёнлар.
-
Ҳа бутунлай қутилдинглар, - дебди керилиб ола Қуён,
ҳамда “Бўри пойлаб турмаганмикан” деб ҳавотирланиб атрофга қараб
қўйибди.
У
мақтанчоқ, лекин жуда қўрқоқ экан.
МАҚТАНЧОҚ ЧИТТАК
Узумзор, мевазор боғлар,
кўм-кўк ўтлоқлар билан туташган бир қишлоқда: Читтак, Каптар,
Қалдирғоч, Булбул ва бошқа турли қушлар яшар экан.
Улар ҳар куни эрта уйғониб,
қўшиқ айтишар, баъзилари ўйинга тушишар, кейин ҳар қайсиси
ўз иши, тирикчилиги билан шуғулланар, кечқурун йиғилишиб, яна
ўйин-кулгини бошлашар экан.
Читтаквой эса ҳеч кимни
менсимас: "чиви-чиви"лаб ўртоқларини масҳаралар, гоҳ
унинг қитиғига тегиб, ишига ҳалақит берар экан. Унинг
бу қилиғи ўртоқларига ёқмаса ҳам, "майли, ҳафа
бўлмасин" деб индашмас экан. Читтаквой бўлса, оламда мендек доно, эпчил,
паҳлавон йўқ, қушлар менсиз бир кун ҳам яшай олмайди,
деган ҳаёлга борибди. У жуда гердайиб кетибди, бир куни Қалдирғочга
дўқ ура бошлабди:
- Сен нега саҳардан вижирлаб
уйқумни бузаверасан? - дебди унга, - сендақа ўртоқларнинг боридан
йўғи...
- Иҳтиёринг, - дебди Қалдирғоч.
"Ҳозир мендан кечирим
сўрайди, уни ялинтираман" деб ўйлаган читтак Қалдирғочнинг жавобидан
тутоқибди. "Чиви-чиви"лаб дарахтнинг шоҳига қўнибди-да:
- Ўртоқликдан чиқдим,
- деб юборибди.
Қалдирғоч жуда
тез гапирар экан. У "вижир-вижир-зор эмасман" - дебди-да, учиб
кетибди.
Унинг гапига тушунмай,
Читтакнинг диққати ошибди. Аламини кимдан олишини билмай, боласига
овқат бериб турган Каптарнинг олдига борибди. Каптар бўлган мажородан ҳабардор
экан. Читтак уни олдига келиши билан:
- Қалдирғочни бекорга
ҳафа қилдинг, бунақа жанжалкаш бўлиш ярамайди, - дебди.
Каптарнинг Қалдирғочга
ёнбосгани учун Читтак яна ҳам тутоқибди. Жанжал чиқаргиси келиб,
унга дўқ ура бошлабди.
Каптар гув-гувлаб, уни тинчитмоқчи
бўлибди. Читтак ҳаддидан ошаверганидан кейин, Каптар тескари бурилибди-да,
осмонга чиқиб, ўйин туша бошлабди. Читтак Каптарга етиб олиб, адабини бермоқчи
бўлибди-ю, шамол уни орқага суриб кетибди. У боғда майин ашула
айтаётган Булбулнинг ёнига бориб тушибди.
Булбул шу қадар завқ
билан ашула айтаётган эканки, ҳатто Читтакнинг келганини ҳам пайқамабди.
Бир ашуласини тугатиб, иккинчисини бошлабди.
- Тўхтат, қулоғим
битди! - дебди Читтак.
- Шу кунгача ҳеч ким
менинг ашуламни бўлмаган эди, - дебди Булбул ҳафа бўлиб. - Агар сенга ёқмаган
бўлса, йўлингдан қолма!
Читтак Булбулдан ҳам
аразлаб, инига йўл олибди. У икки-уч кун қишлоқдаги ҳамма қушлар
билан урушиб чиқибди. Инида бир неча кун ёлғиз ётибди. Янги ўртоқ
қидира бошлабди. Ахири қишлоқ чеккасидаги шоликорликда бир оёғини
йиғиб, мудраётган Лайлакка кўзи тушибди. "Пир" этиб, унинг тумшуғига
яқин турган шолипояга қўнибди. Лайлак чўчиб кўзини очибди.
- Хизмат? - деб сўрабди Лайлак.
- Мен ўзимга ўртоқ қидириб
юрибман, - дебди Читтак,- менга ўртоқ бўлмайсанми?
- Мени танимасданоқ сенсираяпсиз,
эҳтимол, мен сиздан каттадирман, - дебди Лайлак одоб сақлаб.
Читтак баландроқ пояга
сакраб ўтибди-да:
- Кўрдингми, мен каттаман, -
дебди.
- Каттаман дейсиз-ку, ёш
болаларнинг қилиғини қиласиз.
- Муштлашиб кўрмайсизми? - деб
чиранибди Читтак.
Читтак шошиб қолганидан:
- Чиқдим ўртоқчиликдан,
- дебди.
- Қизиқ одатингиз
бор экан, ҳали ўртоқ, бўлганимизча йўқ-ку, чиқдим, дейсиз-а!
Лайлак ҳудди карнай чалаётгандай,
узун тумшуғини гоҳ осмонга, гоҳ пастга қилиб, шундай қаттиқ
кулибди-ки, Читтакка ҳудди осмон қулаб тушаётгандек туюлибди.
Лайлак бўлса, баланд қайрағоч
устидаги инига чиқиб, мақтанчоқ Читтак тўғрисида жар
солибди. Шундан бери Читтак ёлғиз қолибди. У кундузлари бир амаллаб
кунини кеч қилар экан-ку, кечалари Лайлакнинг кулгиси эсига тушиб, ҳаёлида
устига осмон қулаб кетаётгандай қўрқар экан. Шунинг учун ҳам
Читтаквой, “Осмон қуласа тираб қоламан” деб икки оёғини кўтариб
ётар экан.
ХАТО
Бедазорнинг ўртасидан ўтган
ариқ бўйидаги тутга Қарқуноқ қўнди. У атрофга
бесаранжом боқиб, узуқ-узуқ сайради-да, бедазорлар орасига шўнғиди.
Зохир Қарқуноқни кузатди. У тумшуғида Чигиртка билан
яна тутга қўнди-да, узоқдаги паст-баланд дарахтлар томон учди.
Зохир Қарқуноқ
учган томонга югурди. Баланд қайрағочдаги индан палапонлар бўйнини
чўзиб, сап-сариқ оғзини катта очиб, чийиллашарди.
Зохир темирқанот бўлган
палапонлардан тетикроғини қўйнига солиб, пастга тушди. Она Қарқуноқ
чиғиллаб, уйигача эргашиб келди. У ҳар куни қўрғондаги ўрикка
қўниб боласини йўқларди. Зохир палапонни эски телпакка солиб, уйида
боқди. Янги гўштдан мошдек-мошдек узиб берар, гоҳ Чигиртка тутиб
келарди.
Палапон кундан-кун ўсиб,
Зохирга ўрганди. Она Қарқуноқ эса, умидини узиб, қўрғонга
қайтиб келмади.
"Учқур" деб
ном қўйди Зохир Қарқуноқчасига. Бирон иш билан кетса, ҳаёли
қушда бўлар, қўрғонга кириши билан:
- Учқур! Ких, ких! ... -
деб чақирар, шунда гоҳ томдан, гоҳ дарахтлар орасидан қушчанинг
чиғиллаши эшитиларди. Агар Қарқуноқча оч бўлса, кўп ўтмай
Зохирнинг қўлига ёки елкасига қўниб, эркаланаётган каби, қанотларини
пирпиратарди. Яна бир неча кун ўтди. Учқур ўзи овқат топиб ейдиган,
чақирганда дарров келмайдиган бўлиб қолди. Бу сафар Зохир Қарқуноғини
кўп чақирди. Бедазорга қидириб чиқди. Учқур ариқ
бўйидаги тутнинг қир учида атрофни томоша қилаётган каби бўйнини чўзиб
аланглар, шабада новдани тебратиб, гўё уни аллаларди.
Зохир тутнинг тагига бориб чақиргандагина,
Қарқуноқ чиғиллади. Сўнг эринган каби Зохирнинг елкасига
аста келиб қўнди. У аввалгидек қанот қоқиб эркаланмади.
Зохир Капалак тутаётгандек, эҳтиётлик билан уни ушлаб олди-да, қўрғонга
югурди. Лекин Қарқуноғини қўйиб юборгиси келмади. Энди
узоққа учиб кетса, тута олмаслигини ўйлади. Ҳаёли қушда
бўлгани учун, супада чой ичиб ўтирган Бобосини пайқамади ҳам. Қўрғондаги
сершох дарахтларга, девор ортидан кўриниб турган кенг далага хаёлчан боқди.
Сўнг кескин ҳаракат билан қушнинг учирма патларининг учини қайчи
билан қирқиб ташлади.
- Яхши қилмадинг-ку, ўғлим,
- деди Вали бобо.
Зохир бобосига ярқ этиб
қаради. Кейин хижолатомуз жилмайиб, жавоб қилди:
- Кетиб қолмасин, дедим-да.
- Мен ҳам болалигимда Қарқуноқ
боққанман. Лекин уни яхши кўрардим. - Вали Бобо кўнгли ранжиб, қовоқларини
уйди. Шунда ўсиқ оппоқ қошлари туташиб, пешонаси тирищди.
- Мен ҳам Қарқуноғимни
яхши кўраман, - деди Зохир ўзини оқламоқчи бўлиб.
- Йўқ! - деди Вали Бобо
қатъий, - агар яхши кўрганингда қанотини қирқмасдинг!
Уни ўзингга қарам қилиб қўймасдинг. Бировнинг қўлига қарам
бўлишдан ёмони йўқ. Агар одам ҳам бировга қарам бўлса, эркидан
айрилади.
Вали Бобо чуқур хўрсиниб,
нималарнидир ўйлади.
Зохир ўз Бобосининг гапини
тезда унутди. "Ких", - деганда Қарқуноғининг аввалгидек
шохдан-шохга сакраб етиб келишига севиниб юраверди.
Орадан кўп ўтмай, дадаси машинада
келиб, Зохирни шаҳарга олиб кетди. У Қарқуноғини эндигина
тўйғазиб, учириб юборганди. Чақириғига товуш бермади.
Шу кетганча Зохир бир хафта
шаҳарда қолиб кетди. Далага қайтиши биланоқ, Қарқуноғини
чақирди. Унинг чиғиллаши эшитилмади. Зохир бедазорга чиқди.
Ариқ бўйидаги тут тагига борди. Дарахтзорни айланиб чиқди.
- Учқур! Ких, ких! ... -
деявериб, томоғи қирилди. Қўрғоннинг бурчагидаги олҳўри
тагига борганида, ҳазонга ўхшаш нарсага кўзи тушди. - Учқур қанотларини
керганича жонсиз ётарди.
ҚУРБАҚА БИЛАН ХЎКИЗ
Бир
куни Қурбақа болаларини йиғиб:
-
Болаларим, дунёда бизлардан кучли, бизлардан катта, бизлардан хушовоз нарса йўқ,
- дебди.
Шундан
кейин Бақачалар бир катта Хўкизни ўтлаб юрганини кўрибди. Улар бу қандай
нарса экан-а, деб жуда ҳайрон қолишибди.
-
Бақа ойи, анови нима, нега бунча катта? - деб сўраб қолишибди.
-
Бақачаларим, бу биздан кичкина Хўкиз деган ҳайвон, - дебди.
-
Сиздан жуда катта-ку, - дебди Бақачалар.
-
Эҳ, Бақачаларим, - дебди она Бақа, - мана қараб
туринглар, мен ҳозир ундан каттароқ, семизроқ бўла оламан.
Мақтаниб
шундай дебди-ю, оғзини юмиб, кучаниб шиша бошлабди. У ҳеч ҳам
Хўкизга тенглаша олмабди. Бақачалари онасини Хўкиздек бўлишини кутиб қараб
туришибди. Бақа яна ҳам шишиб кўрмоқчи бўлиб, оғзини юмиб
кучанган экан, тарс этиб қорни ёрилиб кетибди.
МАҚТАНЧОҚ
Ортиқ билан Назар тортишиб
қолишибди.
- Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман,
- деб керилибди Ортиқ. - Агар хохласам, мана шу ариққа ҳам
тушиб юра оламан.
Шундай деб, Ортиқ суви
тинган ариққа тушди-да, лойни чалаплатиб уёқдан-буёққа
юра бошлади.
- Туш, сен ҳам, - деди
у ўртоғига.
- Тушардим-ку, ҳаммаёғим
лой бўлади, - деди Назар.
- Вой, қўрқоғ-ей,
- масҳара қилди Ортиқ.
Шу пайт кўчанинг бошидан
болалар тарафга қараб, шохлари буралиб кетган бир Эчки кела бошлади.
Унинг эгаси қари Чол
Эчкисини ушлай олмай, орқасидан ҳассасини судраганича, лапанглаб
чопиб келарди. Буни кўрган Ортиқ жуда қўрқиб кетди. У
додлаганича орқасига қараб қочди. Лекин Назар қочмади.
У дарров ерда ётган новдани олди-да, Эчкининг йўлини тўсиб, орқага қайтара
бошлади. Эчки қаёққа қочишини билмай тўхтаб қолди.
Бу пайт Чол етиб келиб Эчкисини ушлаб олди. Чол севинганидан Назарнинг елкасини
қоқиб:
- Умрингдан барака топ, ўғлим.
Отангга раҳмат, қўрқмас бола экансан - деди.
Чол Эчкига яқинлашишдан
қўрқиб турган Ортиққа кўзини қисиб кулиб қўйди.
АЖОЙИБ ҚУЁНЧА
Бор
эканда йўқ экан, бир қуёнча бор экан. У каттакон думалоқ
карам барги топиб олибди. Уни уйига олиб кетар экан:
-
Бугун тўйиб-тўйиб овқат ейдиган бўлдим, - деб севинибди. Шу пайт мунгли
чирқиллаган овоз эшитилиб қолибди. Қараса, пастаккина дарахт
остида бир Чумчуқ ётганмиш. Уни бир шафқатсиз бола тош билан уриб,
майиб қилган экан.
–
Сув, сув, сув беринглар! - деб илтимос қилибди Чумчуқча.
Қуёнча
ўйлаб ўтирмай, анҳор томон югурибди. Карам баргида сув келтириб, чўлоқ
чумчуқчага ичирибди.
Кейин
йўлга тушибди.
-
Уйга яқин қолди. Ҳозир бораману тўйиб-тўйиб еб оламан, - деб ўйлабди
Қуёнча.
Шу
пайт ёмғир ёға бошлабди.
-
Ёмғир бўлсанг, нима бўлибди? Ёғсанг, ёғавер, - дебди-да Қуёнча
қадамини тезлатибди. Сакраб-сакраб кетаётса, унинг қўлоғига: "Қуёнча,
қуёнча, ёрдам бер! Қуёнча ёрдам бер!" деган овоз эшитилибди.
Қуёнча
бундай қараса, ўтлар орасида Капалак ётганмиш.
-
Ёмғир қанотларимни ҳўл қилиб юборса, учолмай қоламан,
- дебди Капалак.
-
Соябон тагига кириб ол! - дебди Қуёнча, карам баргини кўтариб турибди.
Унинг остига ҳатто ўзи ҳам беркиниб олибди.
Сал
ўтмай, ёмғир ҳам тинибди. Капалак раҳмат айтиб, учиб кетибди.
Қуёнча йўлида давом этибди. У эндигина анҳорга етган экан, сувда
дала Сичқонини кўриб қолибди. Сичқон ингичка новдага ёпишиб,
зўрға турганмиш. Қуёнча: "Чўкиб кетса-я", деб ўйлабди-ю, қўлидаги
карам баргини сувга ташлабди.
-
Мана сенга қайиқ, Сичқонбой устига чиқиб ол! – дебди
Қуёнча.
Сичқон
тирмашиб, карам баргига чиқиб олибди-да, сузиб қирғоққа
ўтибди ва:
-
Раҳмат сенга Қуёнча, - деб югуриб кетибди.
Шу
вақт сув тўлқини карам баргини оқизиб кетибди.
-
Эҳ, аттанг, овқатим оқиб кетди, - дебди-ю, лекин кетидан
майли кетса, кетар, бунинг эвазига Чумчуқни сувга тўйдирдим, Капалакни ёмғирдан
сақладим, Сичқонбойни ҳам ўлимдан асраб қолдим, - деб
хурсанд бўлибди.
ОЛА ЖЎЖА
Ҳосилжоннинг товуғи
ўнта жўжа очиб чиқди. Жўжаларнинг ҳаммаси бир-биридан чиройли.
Худди бўяб қўйгандек қоп-қора. Парлари қуёшда қундуздай
товланиб туради. Жўжаларнинг бири жуда ажойиб - икки қаноти қордек
оппоқ. У худди Ҳўрозга ўхшаб, гердайиб туради. Унинг юришлари ҳам
бўлакча. Салмоқ билан катта-катта қадам ташлайди.
Ҳосилжон ўзининг Жўжаларини
яхши кўради. Уларни қўноқ, тариқ ва нон увоқлари билан
боқади. Боғчага тез-тез ҳайдаб чиқиб ўйнатади. Жўжаларнинг
майсалар орасида сакрашиб, Чигиртка тутиб еганларини томоша қилади.
Бир куни жуда қизиқ
ҳодиса юз берди. Ҳосилжон жўжаларини боғчадан ҳовлига ҳайдаб
кириши билан Ҳўроз "қийқ" деб юборди. Шунда она Товуқ
"қурқ-қурқ" деб устма-уст қақиллай
бошлади. Буни эшитган Жўжалар эса худди Ит қувгандек қанотларини кериб
патирлашиб югуришди. Она Товуқ бир нафасда болаларини қаноти тагига
яширди. Ола Жўжа бўлса онасининг чақарганига қулоқ солмай
бепарво юрар эди. Шу пайт бир Калҳат осмондан шамолдай учиб келди-да, ола
Жўжага чанг солди. Жўжанииг рўпарасида турган Ҳўроз жон-жаҳди билан
ўзини Калҳатга урди. Ердан кўтарилаётган Калҳат Ҳўрознинг зарбаси
билан чангалидаги Жўжани ташлаб кетди. Ҳўроз Калҳатнинг орқасидан
бўйинни чўзиб, ғазаб билан тикилиб қолди.
Ҳосилжон югуриб келиб Жўжани
қўлига олди. Жўжа кўзини очмас эди. Калҳат ўзининг ништардек ўткир
тирноқлари билан Жўжани эзғилаб юборган эди. Ҳосилжон дарров
ариқ бўйига борди-да, кафтида сув олиб Жўжага тутди. Жўжа оғзини
очмади.
- Ҳа, болам, Жўжангга нима
бўлди? - деди уйдан чиқиб келган Онаси.
Ҳосилжон бўлган ҳодисани
Онасига гапириб берди.
- Вой, қурғур Калҳат!
Ола Жўжага ёпишибди-я тағин! - Жўжанг қаерда юрган экан? - деди Онаси
ачиниб.
- Онасининг чақирганига
қулоқ солмай юрган экан! - деди Ҳосилжон.
- Ҳа-ҳа, ўзбошимчалик
қилиб, Онасининг гапига кирмабди-да! "Айрилганни Бўри ер", деб
шуни айтадилар-да. Ўртоқларидан ажралса шунақа бўлади. Қани
менга бер-чи! Онаси Жўжанинг оғзини очиб икки томчи сув ичирди. Жўжа кўзини
очди.
- Вой, ана, ойижон, Жўжам кўзини
очди!
Ҳосилжон шодлигидан Онасини
қучоқлаб ўпди. Жўжани қўйиб юборди-да:
- Энди ўртоқларингдан ажралмай
юр! - деб қўйди.
Ола Жўжа, Ҳосилжоннинг сўзини
тушунгандек, Онаси ёнига чопиб кетди.
ҚАЛДИРҒОЧ
Бор эканда, йўқ экан,
оч эканда, тўқ экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ
чақимчи экан, ғоз карнайчи экан, ўрдак сурнайчи экан. Бир замонлар бутун
тирик мавжудоднинг подшоси оғзидан ўт сочиб турувчи даҳшатли Илон бўлган
экан. Бир куни у ўзининг ашаддий айғоқчиси бўлмиш қора Арига:
- Ҳаммадан ҳам гўшти
мазали ҳайвонни билиб кел, - дебди. Ари жуда кўп ҳайвонларни чақиб
кўрибди. Унга ҳаммадан ҳам Одамнинг гўшти мазали бўлиб туюлибди. Қора
Ари бу хабарни етказмоқ ниятида кетаётганида, йўлда Қалдирғочга
дуч келибди ҳамда тилида Инсон гўштининг таъми борлигини айтибди. Қалдирғоч
бунга ишонқирамай, тилини кўрсатишни талаб этибди. Ари тилини чиқарган
заҳоти, қалдирғоч унинг тилини чўқиб олибди.
Тезда Илоннииг хизматида ҳозир
бўлган Аривой ўз муддаосини гапира олмай, нуқул гунгиллармиш. Шу пайт бу
ерга Қалдирғоч келибди ва "Ари ҳаммадан ҳам Қурбақанинг
гўшти хуштаъм эканлигини гапирмоқчи" дебди. Шундан бери Илоннинг емиши
Қурбақа бўлган экан. Аммо кейинчалик Илон Қалдирғочнинг
қилмишини билиб қолибди. Шунинг учун ҳам у кўпинча Қалдирғочнинг
болаларига қирон келтирар экан. Бечора Қалдирғоч эса, одамлардан
мадад кутиб, уларнинг уйига ва айвонига ин қурар экан.
ХОНҚИЗИ
Бир
Подшонинг бутун дунёга довруғи кетган соҳибжамол ва доно қизи
бўлган экан. У қизга етти иқлимдан шаҳзодалар, савдогар ва паҳлавонлардан
совчи кела бошлабди. Аммо Шоҳ уларнинг олдига уддалаш жуда қийин бўлган
шартлар қўйибди. Келганлар бу шартларни бирортасини ҳам уддалай олмай
қайтиб кетибди.
Қўхиқофда
кун кўрувчи Жодугар бор экан. Бир куни ана шу бадбашара Жодугар, Шоҳ қизининг
довруғинн эшитиб қолибди, ва унга ҳаридор бўлибди. Жодугар, Шоҳ
қўйган барча шартларни жуда осонлик билан бартараф қилибди. Аммо, Шоҳ
ўз қизини бу бадбашара маҳлуққа беришга рози бўлмабди. Бундан
ғазабланган Жодугар бир афсун ўқиб, малакани қўнғизга
айлантириб қўйибди.
ИЛОН ҚАЙТ
ҚИЛГАН СУТ
Буюк
табиб Абу Али ибн Сино ҳар куни эрталаб уйидан чиқаётганида, унинг
эшига олдида Беморлар икки томонга тизилишиб қатор ўтиришар экан. Уйдан чиқиб
кетаётган пайтида у касалларга қараб, улардан ҳол-аҳвол сўрар
ва: "Сиз фалон нарса билан касалсиз, бунинг давоси фалон нарса", - деб
ўтиб кетар экан.
Бир
куни у бир Беморга жуда диққат билан қарабди-да, унга лом-мим
демасдан, бошқалардан ҳол сўраб ўтиб кетибди. Бу ҳолдан Бемор
жуда ҳафа бўлибди, ҳатто ҳаётдан ҳам умидини узибди.
Уйига қайтиб келиб: "Мен шу касалдан ўлар эканман. Агар ўлмайдиган бўлганимда
эди, ибн Сино Ҳазратлари сал эътибор бериб қарарди. У бўлса, сўрашга
ҳам лойиқ кўрмади. Энди гўру кафанимни ҳозирлигини кўраверинглар",
- дебди.
Шу
тариқа Бемор ўзининг ўлимини кутиб ётибди. Бир вақт уйнинг
бурчагидаги тешикдан бир заҳарли Илон чиқиб, ўрмалаб келаверибди. Илон
уйнинг ўртасида турган бир коса сутга яқинлашибди, сутни ўз дамига
тортибди. Бир оздан кейин ичган сутини қайтадан косага қайт қилиб
ташлабди. Буни кўрган Бемор ҳайрон бўлибди ва Илон инига қайтиб кетгандан
кейин, ўзича ўйлабди, барибир ўлар эканман, тузалишимдан-ку ҳеч дарак йўқ,
кел шу заҳарли сутни ичай-да, ўлсам ўлиб қўя қолай, деган қарорга
келибди. Сўнгра, у сутни симириб ичиб олибди. Лекин бемор ўлмай, аксинча, тобора
тузала борибди. Кундан-кунга тузалиб бораётганини сезган Бемор ўзининг ўлмаганини,
балки соғлигини борган сари яхшиланаётганини айтиб, эътироз билдириш
ниятида, Ҳазрати Абу Али ибн Синонинг олдига борибди. Ибн Сино унинг аҳволини
кўриб, жуда ҳайрон қолибди ва Беморга:
-
Сен Илон қайт қилган егуликни қачон ва қандай қилиб
топдинг? Касалингни давоси заҳарли илоннинг қайти эди. Унинг топишни
иложи бўлмаганлигидан, учрашган кунимизда мен сенинг касалингни ҳам сўраб
ўтирмаган эдим, - дебди.
Шунда
бемор, Ҳазрати Абу Али ибн Сино билими ва донолигига қойил қолиб,
бўлган воқеани батафсил гапириб берган экан.