КИРИШ СЎЗИ
Азал-азалдан эртаклар болалар қалбига умид, ишонч руҳини бағишлаб келган. Улар онгига ватанпарварлик, меҳнатсеварлик каби туйғуларни сингдириш йўлидаги илк маънавий озуқа ҳисобланган. Мардлик, ҳалоллик, оқиллик каби хислатлар тараннум этилган эртакларда ҳамиша эзгулик ғалаба қозонган. Болалигим эртаклар олами билан гўзал эди. Онамдан ҳар гал эртак эшитганимда унинг қаҳрамонларига ўхшашга интилардим. Хаёлотимда баъзан Зумрад, баъзан “Ёрилтош”даги меҳрибон сингил, ҳатто Тўмарисга ҳам айланганман. Онам эртакдан кейин ширин тушлар тилаб ухлатардилар. Чиндан ҳам тушларимга учар отлар, қанотли фаришталар кирар эди.
Замон ўзгарди. Бизнинг сеҳрли эртакларимиз ўрнини телевидение, компьютер, интернет каби воситалар эгаллади. Янгиликлар болалар оламини янгилаётганини эътироф қилмай бўлмайди. Уларнинг фикр доиралари кенгаймоқда. Баъзан уларнинг зийраклиги, зеҳнидан ҳайратланамиз. Лекин шунинг баробарида болаликнинг шакл-шамойили ҳам ўзгараётгандай. Болалигимни хотирласам сакрамачоқ, беркинмачоқ, қувлашмачоқ каби ўйинлар билан кун бўйи югуриб чарчамайдиган кичкинтойлар кўз ўнгимда гавдаланади. Бугун эса кўчаларда тўптош, ҳаккаламачоқ ўйинлари у ёқда турсин, қувлашмачоқ ўйнаб юрган болаларни ҳам деярли учратмаймиз. Компьютер ўйинлари шу қадар оммалашиб бормоқдаки, баъзи ота-оналар овқат пайтида ҳам болаларини компьютердан ажрата олмай қийналадилар.
Ўғлим уйқусида тез-тез босинқирайдиган бўлиб қолди. Шифокорга олиб борсам, асабий зўриқиш, деб ташхис қўйди, – дейди қўшни аёл.
Тунлари китоб ёки ўйинчоқ ўрнига айпод, планшед каби ўйин мосламаларини қучоқлаб ухлаётган болакайнинг тушларига ур-тўполон жангари компьютер ўйинлари кирар, балки. Ахир тушлар инсон кечирмишларининг инъикоси-ку. Мириқиб ухлаш кун бўйи тетик ва бардам бўлишга кўмаклашади. Яхши ухлай олмаслик, ёмон тушлар асабий зўриқишга, кайфият бузилишига сабаб бўлади.
Боланинг асаб тизимлари нозик ва таъсирчан. Кун бўйи телевизор қаршисида ўтириш, муттасил давом этган компьютер ўйинлари асаб толаларига жиддий шикаст етказади. Компьютер ўйинларига муккасидан кетаётган болаларнинг кўпчилигида асаб касалликлари кузатилмоқда. Бу касалликлар болаларда ташқи оламга бефарқлик, жиззакилик каби ҳолатларни юзага чиқаради, тажовузкорликка мойилликни кучайтиради, – дейди невропатолог Гулнора Абдуллаева.
Фарзандларимизнинг деярли асосий вақтлари болалар боғчасида, таълим масканларида ўтади. Боғчадан, мактабдан қайтаётган болакайлар ота-онаси, яқинлари ёнига тезроқ боришга талпинишади. Психологларнинг айтишича, болалар 10 ёшгача яқинларининг меҳрига муҳтожлик сезишар экан. Кейин эса кўпроқ ташқи муҳитга интилиш босқичи бошланади. Баъзан уй-рўғзор ташвишлари билан овора бўлиб, болаларга камроқ эътибор берамиз. Ишим кўп, вақтим йўқ, чарчадим деган баҳоналар билан фарзандларимизнинг меҳримизга муҳтож болалик йилларини бой бериб қўймаяпмизми? Тунлари мижжа қоқмай бошида парвона бўлганимиз, оғриб қолса танамиз зирқираб, дардига дармон истаганимиз, жондан азиз фарзандларимизни ўзимиз эртаклардан узоқлаштириб, жангари компьютер ўйинлари гирдобига ташлаб қўймаяпмизми?
Боласига эртак айтиб ухлатишдан кўра, сериал кўришни афзал билаётган оналар йўқ дейсизми орамизда? Яқинларидан кўрмаган эътиборни интернет, компьютер ўйинларидан топиб, бора-бора ўзбилармон, шартаки бўлиб бораётган болаларимиздан нолишга ҳақимиз бормикин?
Болаларингизга гўзал орзулар яшаётган эртаклар айтиб беринг. Қучоғингизда эркаланиб, меҳрингизга қониб ухлашсин. Қизингиз кўнглида маликалардек хушсурат, ўғлингизда шаҳзодадек жасур бўлиш орзуси уйғонсин. Токи уларнинг болалик хотиралари ғала-ғовурли қўшиқлар, жангари компьютер ўйинларидангина иборат бўлиб қолмасин.
http://www.saodat-gul.uz дан олинди